Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шамол қовунлар учун эсади” – баҳоргача турадиган Андархон қовунлари
Фарғонанинг Бешариқ тумани Андархон қишлоғининг аксарият аҳолиси ҳар йили эрта баҳорда қовун экиш учун Жиззахга йўл олади. Қовунлар пишгач, уларни уйидаги махсус омборхонага олиб келиб жойлайди. Октябр ойида илинган қовунлар кейинги йилнинг май ойигача туради. Қовунларнинг яхши сақланишига Андархон шамоли ҳам ёрдам беради.
Деҳқонлар аллақачон махсус омборхоналарга қовунларни илиб қўйишган. Шамол кириб-чиқиши учун очилган туйнуклар омборхона ҳароратини бир хилда ушлаб туришига ёрдам беради. Деҳқонларнинг айтишича, айни пайтда 1 кг қовун 4 минг сўмдан сотиляпти.
“Андархон қишлоғи аҳолиси асосан қовун етиштириш билан шуғулланади. Ота-боболаримиз ҳам қовун экиб тирикчилик қилишган, биз ҳам бу анъанани давом эттиряпмиз. Қовун экиш учун эрта баҳорда Жиззах, Сирдарёга бориб ер оламиз. То кузгача мусофирчиликда деҳқончилик қиламиз.

Бизга музлаткич керакмас. Омборхонанинг ўзи музлаткич вазифасини бажаради. Аслида бунга ҳеч қандай технология ҳам шарт эмас. Том қисмига мўрилар қўйилган. Омборхонага ён томондан ҳаво кириб, ичкарида бир хил шамол айланади. Бу эса қовунларнинг кейинги йилнинг баҳоригача яхши сақланишини таъминлайди. Шунинг учун қовунлар ниҳоятда яхши сақланади. Асосан гулоби навли қовун сақлаймиз. Жуда ҳам мазали, таниқли қовун.




Тилими тилёрар қовунларимиз Россия, Қирғизистон ва Хитойга ҳам сотиляпти. Қовунлар қанча сақланса, мазаси ҳам шунга яраша бўлади. Қишлоғимизда баҳоргача қовун бўлади.
Деҳқон бир гектар еридан ўртача уч-тўрт “Камаз” қовун олиши мумкин. Бу дегани бир гектар ердан 50-60 тонна қовун, тарвуз ҳосили йиғиб олинади. Ҳар бир оиланинг бир мавсумда 300 миллион сўмгача даромади бор”, дейди андархонлик деҳқон Муроджон Қодиров.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
15:41 / 16.12.2025
«Қўқонлик табиб» яна судга берилди
17:48 / 13.12.2025
Водийда метан-шохобчаларга контейнерларда газ ташиш синаб кўрилади
08:30 / 06.12.2025
Фарғонада кадастр инспектори ва давлат муассасаси масъуллари пора билан ушланди
08:20 / 29.11.2025