Жаҳон | 23:38 / 30.05.2021
27262
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Россияда март ойидан буён энг юқори кўрсаткич, АҚШда Довуд юлдузи туфайли можаро

Россияда кунлик ўсиш бўйича март ойидан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилди, Бразилияда инфекция тарқалишига қарши етарлича чоралар кўрмагани ва ўзи ҳам ковид-диссидентлиги учун президент Жаир Болсонаруга қарши митинглар ўтказилмоқда. Германияда комендантлик соати бекор қилинса-да, бошқа чекловлар сақланиб қолгани туфайли полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди. АҚШда вакцинацияга қаршилар томонидан Довуд юлдузидан фойдаланилгани туфайли можаро келиб чиқди.

MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

BBC Covid-19 пандемияси билан боғлиқ сўнгги хабарларни келтирди.

Россияда март ойидан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилди
Сўнгги бир кунда Россияда кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича 19 мартдан кейинги энг юқори кўрсаткич қайд этилди - 9 694 кишига инфекциядан зарарланиш ташхиси қўйилди. Шу билан бирга, сўнгги бир кунда 7 386 киши тузалиб, 355 бемор вафот этган.

Москвада сўнгги бир кунда 3719та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Шаҳарда қаторасига тўртинчи кундирки, кунлик ҳолатлар сони 3 мингдан юқори бўлмоқда. Пойтахтда ҳозирда 96 708 минг киши касалланган (актив кейс).

Россияда пандемия бошидан буён қайд этилган касалланиш ҳолатлари сони 5 миллиондан ошган (121 мингдан ошиқ киши вафот этиб, 4,6 миллиондан ортиқ киши тузалиб чиққан, актив кейс - 262 мингдан ортиқ), расмий маълумотларга кўра, бу аҳолининг 3,5 фоизи демакдир. Шу тариқа, Россия, расмий маълумотларга кўра, касалланиш ҳолатлари сони бўйича АҚШ, Ҳиндистон, Бразилии, Франция ва Туркиядан кейинги олтинчи ўринда жойлашган.

Россияда апрель ва май ойларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари пасайган, шу билан бирга, Москва ва Санкт-Петербургда шифохоналарга ётқизилганлар сони ҳам камайиб келаётганди.

Сариқ юлдуз можароси
АҚШда Тэннеси штатининг Нэшвилл шаҳрида бош кийим дўконининг Инстаграмдаги саҳифасида сариқ юлдуз кўринишида, «Мен вакцина қабул қилмаганман» ёзуви туширилган нашивка рекламасидан кейин можаро юзага келди. Шу каби юлдузлар Германия нацистлари томонидан яҳудийларга мажбуран тақилган. Ҳозирда бу пост ўчирилган, аммо америкалик журналистлар томонидан бу сурат бошқа ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Hatwrks дўкони ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бу рекламани 28 май куни жойлаштирганди. Суратда кўринишидан дўкон эгаси бўлган катта ёшли аёл сариқ рангли, «Мен эмланмаганман» ёзуви битилган Довуд юлдузи таққан ҳолда акс этган. Дўконда бу каби нашивкалар 5 доллардан сотилган.

Маҳллий раввин бундай юлдузчалар Иккинчи жаҳон уруши йилларида нацистлар томонидан ўлдирилган яҳудийларни ҳақоратлаш ҳисобланишини айтиб ўтди. Дўконни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам қоралашди, одамлар «Нэшвиллда нацистларга жой йўқ!» шиори билан кўчаларга чиқишди.

Кейинроқ дўкон раҳбари Инстаграмдаги «ўйланмай қилинган иш» учун узр сўради. Матнда у «Довуд юлдузини қадрсизлантирмоқчи ёки миллионлаб инсонлар билан рўй берган ҳодисага ҳурматсизлик қилмоқчи бўлмагани» айтиб ўтилган.

Олти қиррали Довуд юлдузи яҳудийлар рамзи саналади. Нацистлар томонидан босиб олинган ҳудудларда яҳудийлар шундай нашивка тақиб юришга мажбурланган.

Пандемия даврида эса нашивкадан вакцинацияга қарши фойдалана бошлашди, уни тез-тез Буюк Британия ва Германиядаги коронаскептикларнинг намойишларида учратиш мумкин эди. Май ойида Мюнхен ҳудудида шу каби акцияларда Довуд юлдузидан фойдаланиш тақиқланд. Антисемитизмга қарши кураш бўйича ГФР комиссияси раҳбари Феликс Кляйн бундай нашифкаларни бутун мамлакат бўйлаб тақиқлашга чақирган.

Бразилиядаги намойишлар
Ўн минглаб бразилияликлар Рио-де-Жанейро ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида кўчаларга чиқиб, 460 мингдан ортиқ фуқаро вафотига сабаб бўлган коронавирус пандемияси туфайли президент Жаир Болсонарунинг импичментини талаб қилишмоқда.

Болсонаруни коронавирус хавфсини писанд қилмай, жамоат соғлигини сақлаш учун зарур чоралар кўрмагани, локдаун ва комендантлик соати жорий этилмагани учун айблашмоқда.

Намойишчилар «Ҳаёт, демократия, бандлик ва даромадлар учун», «Болсонаруга хайр!» ва «Дарҳол импичмент!» каби шиорларни кўтариб олишган. Улар президентни кўп сонли ўлимларда ҳам айблаб, вакцинацияни тезлаштиришни талаб қилишмоқда. Бразилия дунёда коронавирус қурбонлари сони бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринда жойлашган, шу вақтгача мамлаткатда Covid-19 туфайли 694 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Бразилия Сенати ҳозирда мамлакатнинг амалдаги ҳукуматининг вакцинация дастурини сусайтириш ҳолати бўйича ҳаракатларини текширмоқда.

Германияда полиция билан тўқнашувлар
Тунда Штутгартда коронавирус чекловларига қарши гуруҳ билан тўқнашув вақтида беш нафар полициячи жароҳатланди. Полиция карантин чекловлари ва жамоат жойида алкогол истеъмол қилишга қўйилган тақиқлар ҳали амалда эканига қарамай шаҳар марказида тўпланган 600дан ортиқ кишини тарқатиб юборишга уринган.

Айрим намойишчилар полициячиларга ичимлик идишларини улоқтира бошлаган, полициячилар эса қалампирли баллончикларни қўллашган. Полиция маълумотларига кўра, тартибсизликлар учун олти киши қўлга олинган, аммо улар ҳозирга келиб қўйиб юборилган.

Яқинда Штутгартда кечқурунги соат 10дан амал қилган комендантлик соати бекор қилинганди. Аммо шаҳарда жамоат жойларида алкоголь истеъмол қилишга қўйилган тақиқ ҳамон амалда.

Штутгартда шу каби воқеалар 2020 йил июнида ҳам содир бўлганди. Ўшанда намойишларда асосан ёшлар кўчаларга чиқишган, ўнлаб полиция ходимлари тўқнашувлар вақтида жароҳат олган, айрим биноларга жиддий шикаст етказилганди.

Мавзуга оид