Иқтисодиёт | 13:28 / 29.12.2020
6616
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда ижтимоий реестр ишга тушиб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади

Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади, деди президент.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотлар, хусусан аҳолини камбағалликдан чиқариш масаласига алоҳида урғу берилди.

«Сўнгги тўрт йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди.

Эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат. Шуларни инобатга олиб, кейинги йилда қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишларни амалга оширамиз.

Биринчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этамиз.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Нима учун биз «темир дафтар»ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш.

Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган «Ижтимоий реестр»да «темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда.

Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

Ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқсин.

«Темир дафтар»га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича «мотивация, кўникма ва молиявий кўмак» тамойили асосида янги механизм жорий этилади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид