Жамият | 10:15 / 13.01.2026
5261
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда мактабдан қайтаётган ўқувчи пиёдалар йўлагида машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

Жиззахда пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган қиз машина уриб кетиши оқибатида вафот этди. Ижтимоий тармоқларда ЙТҲ видеоси тарқалгач, Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳодиса юзасидан маълумот эълон қилди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи ушланган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Жиззахда Cobalt пиёдалар йўлагида пиёдани уриб юборгани акс этган видео тарқалди. Kun.uz ҳолатга аниқлик киритди. 

Маълум бўлишича, ЙТҲ 2025 йил 7 декабр куни соат 19:20 лар атрофида Жиззах шаҳри ҳудудида содир бўлган. 2000 йилда туғилган Ш.Ш. отасига тегишли Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган 2008 йилда туғилган М.М.ни уриб юборган. 17 ёшли қиз бу пайтда мактабдан чиқиб, яшаш уйига қайтаётган бўлган.

ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳати олган пиёда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у 20 декабр куни вафот этган.

Жиззах вилояти ИИБнинг расмий муносабатига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи белгиланган тартибда ушланган. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашувида бир киши ҳалок бўлганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид