Жиззахда кластер фермер хўжалигидан бир миллиард сўмдан ортиқ қарздор бўлиб қолди. Фермер айни пайтда ҳар томонлама босим остида қолган - солиқ ҳеч нарсани эшитишни истамаяпти, лизингга олинган техникалар қўлдан кетган, 80 гектарга экилган ғаллага бир марта ҳам ўғит берилмади. Айни баҳор мавсумида далада бўлиши керак бўлган деҳқон шу кунларда бир литр ёқилғига зор бўлиб турибди. 195 та ижро иши доирасида 62 миллиард сўм қарзи бор “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” кластерини ким қўллаяпти?

Шароф Рашидов туманидаги “Хумоюн Уралов” фермер хўжалиги раҳбари Аҳрор Шермонов “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” масъулияти чекланган жамиятидан ҳақини ололмай оғир молиявий ҳолатга тушиб қолганини айтмоқда. Фермернинг таъкидлашича, у етиштирган пахта хомашёси учун миллиардлаб сўм маблағ ҳалигача тўланмаган. Бу ҳолат эса фақат бир фермер эмас, балки тумандаги яна ўнлаб хўжаликларга таъсир қилган бўлиши мумкин.

Аҳрор Шермоновнинг айтишича, “Хумоюн Уралов” фермер хўжалигида пахта етиштириш бўйича кластер “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” МЧЖ билан шартнома тузилгунига қадар ҳаммаси яхши эди.

2023 йилги пахта шартномаси бўйича кластер 490 миллион сўм қарздор бўлиб қолган. Кейинчалик унинг бир қисми минерал ўғитлар билан ҳисоб-китоб қилинган ва ҳозирда 375 миллион сўм қарз қолган. 2025 йилги пахта ҳосили бўйича кластер яна 975 миллион сўмни тўламаган. Шу тариқа фермернинг ҳисоб-китобига кўра, умумий қарздорлик 1 миллиард 350 миллион сўмга етган.

195:0 - ҳозирча кластер “олдинда”

Мазкур масала юзасидан фермер Жиззах туманлараро иқтисодий судига даъво киритган. Суд қарорига кўра, кластердан фермер фойдасига 786 млн сўм асосий қарз, 30 миллион сўм пеня ҳамда почта харажатлари ундирилиши белгиланган. Суд қарори қонуний кучга кирган ва ижро учун Мажбурий ижро бюросига юборилган.

Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ижро жараёни доирасида корхонанинг банк ҳисоб рақамларига банд солинган, мулклари хатланган ва активлари аукцион савдоларига чиқарилган. Сотувдан тушган маблағлар “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 78-80-моддаларига мувофиқ тақсимланмоқда.

Ушбу кластерга нисбатан 195 та ижро ҳужжати мавжуд, умумий қарздорлиги 62,6 миллиард сўм.