Ўзбекистон | 15:18 / 01.06.2023
33576
1 дақиқада ўқилади

Метро вагонида қизларга шилқимлик қилган 2 талаба 5 суткага қамалди

Тошкент метрополитенида “пранк” видео олиб, нотаниш қизга шилқимлик қилган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Видеодан кадр

1 июнь куни ЖИБ Чилонзор тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида 22 ёшли талабалар Т. Р. ва К. К.га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, туман суди қарори билан айбланувчилар — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди. Шунингдек, талабаларнинг ҳаракати МЖтК 32-моддаси – маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳоланган ҳамда уларнинг ҳар бирига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

30 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкент метросида нотаниш қизга шилқимлик қилаётган йигитларнинг видеоси тарқалди ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлган эди.

31 май куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан пранк қилган йигитларнинг шахси аниқланиб, МЖтКнинг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган ҳамда судга юборилган эди.

Мавзуга оид