Ўзбекистон | 20:55 / 16.12.2020
5346
2 дақиқада ўқилади

«Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси 1 йил ичида 21 минг нафар дастурчи тайёрлади — Абдулла Арипов

Бугун, 16 декабр куни «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳасининг 1 йиллик сарҳисобга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Архив фото: Абдулла Арипов лойиҳанинг очилиш маросимида / 2019 йил ноябрь

Тадбирда Ўзбекистон бош вазири Aбдулла Арипов ҳамда Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукумат ва келажак ишлари вазири Муҳаммад бин Aбдуллоҳ ал-Гергавий ҳам қатнашди.

Абдулла Арипов ўз сўзида «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш учун драйверга айланиши кераклигини таъкидлади.

«Шу мақсадда таълимнинг барча босқичларида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича махсус давлат дастурлари тасдиқланди.

Тошкент шаҳрида 2019 йил 21 ноябрда ахборот технологиялари соҳасида бепул таълим олиш имконини берувчи «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳасининг очилиш маросимини мамнуният билан эслаймиз. Лойиҳанинг самарали бажарилиши натижасида кўплаб ёшларимизнинг компютер дастурлашга қизиқиши сезиларли ортди.

Бугунги кунда 120 мингдан ортиқ ёшлар платформада рўйхатдан ўтиб таълим олмоқдалар. Уларнинг 21 минг нафари платформадаги курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификатларга эга бўлган», – деди Aбдулла Aрипов.

Қайд этилишича, 2000дан ортиқ умумтаълим мактабларида компьютер дастурлашни ўқитиш лойиҳа курсларига биноан ташкил этилган. Шу мақсадда 2500дан зиёд мактаб информатика ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтган.

Лойиҳа «Рақамли Ўзбекистон 2030» стратегиясига ҳам киритилган. Яқин 2 йилда дастурлашни ўрганмоқчи бўлган ёшлар сони 500 минг нафардан ошиши кутиляпти.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида юқори даражали дастурлаш учун 150та грант, ўрганувчилар учун пул мукофотлари, 100 минг доллар танловлар мукофот жамғармасига йўналтирилган.

Маълумот учун, дастурчиларни бундай масофавий ўқитиш лойиҳаси илк марта БААда «One Million Arab Coders» номи билан бошланган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида БAAга расмий ташрифи доирасида ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган эди.

Мавзуга оид