Ўзбекистон | 17:16 / 05.02.2021
16815
2 дақиқада ўқилади

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциявий судга раислик қилади

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раислигига сайланган.

Сенатнинг 5 февраль куни бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида парламент сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқиб, Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломовни Конституциявий суд судьяси этиб сайлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, Конституциявий суд йиғилишида суд раиси Бахтиёр Мирбобоев лавозимдан озод этилган ва очиқ овоз бериш йўли билан Конституциявий суд раиси этиб Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайланган.

Бахтиёр Шамсутдинович Мирбобоев 2017 йилнинг 24 августдан буён Конституциявий судга раислик қилиб келаётганди. Kun.uz манбасига кўра, у эндиликда фаолиятини Конституциявий суд судьяси сифатида давом эттиради.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий суди тўғрисида»ги қонунга кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси президентининг тақдимига биноан, Сенат томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суд таркиби раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда етти нафар судьядан иборат бўлади.

Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати – 5 йил. Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида 70 ёшни ташкил этади. Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.

Маълумот учун, Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 1952 йилда туғилган, Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

У 1995-2004 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси, 2004-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси бўлиб ишлаган. 2005 йил 7 майдан буён Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Мавзуга оид