Жамият | 17:42 / 31.10.2021
22020
8 дақиқада ўқилади

«Қишлоқларда отасиз авлод пайдо бўлди, уларни адабиётга олиб кириш керак» — «Қўрқма» романи муаллифи Жавлон Жовлиев билан суҳбат

Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» асарини кўплаб ёшлар ўқиб чиқди, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилди. Ёзувчи асарлар ёзиш билан бир қаторда Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида таянч докторант бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланади. «Оптимист» лойиҳаси доирасида ёш ёзувчи билан романнинг ёзилиш тарихи, янги ёзаётган асари ва ижтимоий муаммолар хусусида суҳбатлашдик. Қуйида суҳбатни ёзувчи тилидан ўқийсиз.

«Дадамни китоблардан қизғанардик...»

«Ҳаёт танловлардан иборат эканини эрта англаб етганмиз. Отам уйимиздан 100-200 метр узоқликдаги қишлоқ идорасида ишларди. Соғинган пайтимиз бориб отам ўтирадиган хонанинг деразасидан қараб турардик. Унинг иш столида доим китоб кўринарди, уйга келганда ҳам китоби бўларди. Отам нимага фарзандларидан ҳам кўпроқ китобни яхши кўради, унда нима ёзилган экан деб қизиқар, дадамни китобдан қизғанардик. Китоблар кирилл ёзувида бўлгани учун ўқий олмасдим, лекин тезроқ уларни ўқишни хоҳлардим. Кейинроқ мен ҳам мол боқишга-да ўзим билан китоб олиб юрадиган бўлдим.

Ўйлаб кўрсам, китоб ўқиш ҳам бир меҳнат экан. Худди машина ҳайдаш, дутор чалишни ўрганган каби китобхон бўлиш учун ҳам йиллар, заҳматлар керак экан. Ҳар ким ҳам китобхон бўла олмаскан».

«Қишлоқда қолиб кетмасликни хоҳлардик»

«Қишда лой кечиб, узоқ масофага қўшимча дарсга қатнардик. Дарвозадан уёғи қоронғи дала бўларди. Саҳар дарсга бориш учун чиқиб кетиб, қоронғида қайтиб келардик. Умуман асфальт кўрмаган кўчалардан, даштлардан ўтардик. Лекин ўша кунларни оғир деб эсламайман, сабаби келажакка умид ва ишонч бор эди. Қишлоқда қолиб кетмасликни, ундан кетиб шаҳарга бориб ўқишни хоҳлардим. Кейинчалик ҳаётим адабиёт билан боғланди. Англаб етдимки, адабиётни танласам, бошқа нарсага чалғимай асосий кучимни, вақтимни унга бағишлашим керак экан».

Жавлон Жовлиев Фото: Kun.uz 

«Қўрқма» ғоясининг пайдо бўлиши

«Талабалар ётоқхонасида яшаб юрган пайтларим талабалар аҳволининг ночорлиги, уларнинг келажакка ишончи паст эканлиги, олий таълим тизимидаги камчиликларни кўриб, бир асар ёзиш фикрига келдим. Ўша пайтлари 2016 йилда Германияда таълим олган ўзбек талабалари ҳақида ўқиб қолдим ва ўша кеча ухлай олмадим. Ўзимни тафтиш қилиб нима учун ўқиётганим ҳақида савол бера бошладим.

Шундай қилиб «Қўрқма» романини ёзишга қарор қилдим. Уни ёзиш учун тарихчи олимларнинг мақолаларини, Истанбул, Германия архивларининг маълумотларини ўргандим ва катта маълумотлар базаси пайдо бўлди. Шундан сўнг бир неча йил асарни ёзиш билан банд бўлдим.

Асарни ёзиш жараёнида ўн саккиз соатлаб ишлаган пайтларим бўлди. Асарни ёзаётган пайтимда тўйим бўлди. Тўйдан бир ҳафта олдин ҳам ёзиш билан банд эдим. Уни тугатгач, ижтимоий тармоқдаги саҳифамга асар ёзганим ҳақида пост қўйдим. Asaxiy.uz асосчиси Феруз Аллаев мен билан боғланиб, асар билан танишиб чиқишни сўради. Бу нашриётга китобимнинг ёқиши ҳам мен учун катта марра эди, сабаби уларда кучли таҳрирчилардан иборат алоҳида жамоа бор. «Қўрқма» чоп этилгач, менга кутилмаган муваффақият олиб келди. Шу асар сабаб ижтимоий тармоқлар орқали минглаб хатлар олдим.

Фото: Kun.uz 

«Қишлоқларда отасиз авлод пайдо бўлди»

«Ёзувчи эркин бўлиши керак, деб ўйлайман. У кунбўйи бирор жойда ишлаб кечаси ёки саҳар пайти адабиёт билан шуғулланиши керак эмас. Бугун Ўзбекистонда жуда кўп истеъдодли адабиёт вакиллари доимий қаердадир ишлайди. Лекин ёзувчи нашриётлар билан ҳамкорликда ишлаши ва китобларидан келадиган даромад эвазига яшаши керак.

Ёзувчининг асарларида халқ ўзини кўрмаса, уни ўқигиси келмайди. Масалан, мен туғилиб ўсган қишлоқда ҳеч қандай ўзгаришни кўрмаяпман. Биз катта бўлган даврда ҳам болаларнинг тузукроқ кутубхонаси йўқ эди, ҳозир ҳам шундай. Биз узоқ масофага қўшимча дарсларга борардик, ҳозир ҳам болалар узоққа қатнайди.

Биз уларга шароит қилиб бермай туриб, илм-маърифат эъзозланаётганини кўрсатмай туриб китоб ўқимасликда айбламаслигимиз керак. Уларга тўғри одамлар, зиёли одамлар эъзозланаётганини кўрсатишимиз лозим. Тўғри гапни айтишдан қўрқмаслигимиз, бор фожиамизни кўрсата олишимиз лозим. Қишлоқларда бугун отасиз катта бўлаётган авлод пайдо бўлди: яъни оталари узоқ юртларда мусофирликда яшаётган авлод пайдо бўлди. Уларнинг ҳаётини адабиётга олиб киришимиз керак. Гўштсиз қолаётган авлод ҳам бор.

Бир эпизодни мисол қилиб келтираман. Бизда пиёз ва сув солиб қилинадиган “пиёва” деган овқат бор. 4 ёшли болакайнинг отаси Россиядан қайтганда онаси пиёвага гўшт солиб пиширади. Тили аллақачон чиққан болакай онасидан «Бу гўштми?» деб сўрайди. Аслида, болакай бу пайтгача гўштни аллақачон таниб олган бўлиши керак эди. Мана бу – халқнинг манзараси. Адабиёт халқ дардини олиб чиқадиган соҳа ва у тўла эркин яшаши керак».

Кейинги асар

«Ҳозир бугунги кун ҳақида асар ёзяпман. Лекин мавзусини ҳозирча очиқламай тураман. Оилавий ётоқхонада яшаймиз. Қийинчиликлар бўлади, лекин ўзимни қийналаман деб айтмайман. Сабаби бундай гаплар ҳаммада етарлича. Лекин биз ишонамиз: меҳнат қиляпман ва шунга яраша яхши кунлар келишига ишонаман.

Фото: Kun.uz 

Ўзим таълим ҳақида ёзиб, нега оиламни ўқитмаслигим керак деб ўйлайман. Ҳозир турмуш ўртоғим инглиз тили бўйича қайта ўқияпти. Мен эса доимий меҳнатдаман.

Бундан 100 йил олдин умид ёшлардан бўлган. Кейинги 100 йилда ҳам умид ёшлардан бўлиб қолмаслиги учун бугун меҳнат қилиш керак. Ўйлайманки, мен ҳам меҳнат қилиб шу принципни сақлай олсам, нимадир қила оламан деб ўйлайман».

Орзудаги Ўзбекистон

«Тошкентга биринчи марта келганимда пойтахт менга умуман ёқмаган. Сабаби пойтахтга келгунимча уни фақат телевизор орқали кўрганман. Унда чиройли, кесилган кадрлардан иборат манзараларни кўрсатишган экан. Шунинг учун бу шаҳар кўчаларида бирорта чуқур жой, бирор қийналган одам бўлмаса керак деб ўйлаганман. Аслида, бу – жуда катта хато. Болаларимизга ҳақиқатларни айтиб катта қилишимиз керак. Мен Ўзбекистоннинг келажагини ҳақиқатдан қўрқмайдиган, ҳамма ўз ишини қиладиган жамиятдан иборат бўлишини истайман.

Қонун чиқарувчи, ижро, суд тизими тўла мустақил бўлган, инсонлар хавфсиз бўладиган жамиятда яшашни хоҳлайман. Сиз журналист, дурадгор, супурувчи бўлсангиз ҳам, ўз йўлингизда ҳаётингизни тоза қилинг, коррупционер бўлишдан, маҳсулотингизни сохта, қўл учида қилишдан ор қилинг, деган бўлардим ёшларга.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид