Ласло Краснахоркаи – Кафка ва Томас Бернҳардга бориб тақаладиган Марказий Европа анъаналарига мансуб буюк эпик ёзувчи ҳамда абсурдлик ва гротескли ҳаддан ошиш билан тавсифланади. Аммо унинг бошқа истеъдодлари ҳам бор: у Шарққа ҳам мурожаат қилади, кўпроқ мулоҳазали, нозик оҳангга эга, дея таъкидлайди Нобел қўмитаси.

Ласло Краснахоркаи 1954 йилда Венгрия жануби-шарқида, Руминия билан чегара яқинида жойлашган Дюла шаҳарчасида дунёга келган. Краснахоркаининг 1985 йилда чоп этилган ва Венгрия адабиётида шов-шув кўтарган ҳамда муаллифнинг ижодий парвозига сабаб бўлган «Шайтон танго»си номли биринчи романида ҳам шундай чекка ҳудуд ҳаёти тасвирланганди. Роман асосида режиссёр Белой Тарр етти соатлик филм ишлаган, у билан Краснахоркаи анчадан буён ижодий соҳада ҳамкорлик қилиб келади.

2015 йилда Краснохаркаи олтинчи халқаро Букер мукофоти билан тақдирланади. Ўшанда ҳакамлар унинг асарларидаги ғайриоддий интенсивлик ҳамда тил диапазонини эътироф этишган.

Ласло Краснахоркаининг бошқа китоблари қаторида «Қаршилик меланхолияси» (1989), «Уруш ва уруш» (1999) ҳамда «Си-ван-му орамизда» (2008) кабиларни келтириш мумкин.

Краснахоркаининг карерасига саёҳатлар ҳам, тил ҳам таъсир кўрсатган. У биринчи марта 1987 йилда коммунистик Венгрияни тарк этиб, стипендия асосида бир йил Ғарбий Берлинда яшайди, кейинчалик Шарқий Осиёда, айниқса Мўғулистон ва Хитойда «Ургининг маҳбуси» ва «Осмон остидаги вайронагарчилик ва қайғу» каби асарлари учун илҳом олди.

«Уруш ва уруш» китоби устида ишлаётганда у Европа бўйлаб кўп саёҳат қилган, шунингдек, бирмунча вақт Аллен Гинзбергнинг Ню Йоркдаги квартирасида яшаган, кейинчалик у афсонавий битник шоирнинг қўллаб-қувватлови романни якунлашда муҳим аҳамиятга эга бўлганини айтганди.

Бунгача 6 октябр куни физиология ва тиббиёт, 7 октябр куни физика, 8 октябр куни кимё бўйича мукофотлар эгалари эълон қилинганди. 

10 октябр куни тинчлик бўйича мукофот лауреати эълон қилинади, иқтисодий фанлар бўйича мукофот эгалари 13 октябр куни маълум бўлади. Лауреатларни тақдирлаш маросими 10 декабр куни Стокҳолмда бўлиб ўтади.

Адабиёт бўйича мукофот тарихи

Физика, кимё ва тиббиёт билан озми-кўпми тушунарли бўлса-да, адабиёт барибир фан эмас ва уни объектив мезонларнинг қатъий доирасига сиғдириш қийин.

Швеция академияси ўз танловида нафақат Нобел жамғармаси низомининг умумий қоидалари (мукофотга тақдим этилган асар бутун инсониятга максимал фойда келтириши керак), балки Нобелнинг адабий асар бу фойдани «идеалистик йўналишда» тақдим этиши кераклиги ҳақидаги алоҳида фикри билан ҳам боғлиқ.