Ўзбекистон | 12:13 / 10.05.2024
9441
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳокимларга янги тутзорлар учун 105 минг гектар ер ажратишни топширди 

Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукционда берилади, аукциондаги ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилишда соҳага ипак қуртини парваришлаш, касалликдан сақлаш агротехникаси ва инновациялари кириб келмагани ҳисобига уруғдан пилла олишда йўқотишлар сақланиб қолаётгани таъкидланди. 

Шунингдек, дунёда ипак маҳсулоти импортининг 45 фоизи тўғри келаётган Европа бозорига чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
 
Экспортда ипакдан тайёр маҳсулот улушини, жумладан, пиллани чуқур қайта ишлаб, тайёр ипак маҳсулотлари, мато ва уй текстили ишлаб чиқарадиган қувватларни кўпайтириш зарур.

Пиллачилик учун озуқа базаси бўлган тутзорларда янги навли ҳосилдор тут экишини кенгайтириш муҳим. Биздаги 1 миллион гектарга яқин пахта майдонига бир-икки қатордан тут экилса, 50-60 минг тонна озуқа захирасини шакллантириш мумкин.

Пиллани харид нархи пастлиги учун пиллакорларда манфаатдорлик паст.

Шунинг учун ипакчиликни ривожлантириш бўйича куни кеча имзоланган президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилди.

Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланади.

Мутасаддилар ва ҳокимларга янги тутзорлар ташкил қилса бўладиган 105 минг гектар ер ажратиш топширилди. Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукционда берилади, аукциондаги ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади.

Мавзуга оид