Иқтисодиёт | 14:11 / 13.05.2021
24434
2 дақиқада ўқилади

Уч вилоятда жами 185 миллиардлик нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани аниқланди. Масъуллар ишдан олинди

Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 180,7 миллиард миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz’га «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизим корхоналари, бошқармалар ва нефть базалари раҳбарлари ҳамда департамент бошлиқлари иштирокида ўтказилган видеоселекторда 2021 йилнинг январь–апрель ойлари давомида табиий газ, газ конденсати, нефть қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши танқидий муҳокама қилинди.

Бошқарув раисининг таъкидлашича, нефть базалари омборларидаги қолдиқлар заводда юритилаётган ҳисоботлардаги қолдиқлар билан ўзаро солиштириб кўрилганда, катта миқдорда камомад мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, Жиззах нефть базаси бўйича камомад – АИ-80 автобензиндан 4,2 минг тонна, АИ-91 автобензиндан 61 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 13,1 минг тонна аниқланди, ушбу камомаднинг ўртача қиймати 146 млрд сўмни ташкил қилади.

Бухоро нефть базаси бўйича ҳам камомад мавжуд бўлиб, АИ-80 автобензиндан 345 тонна, АИ-91 автобензиндан 263 тонна, АИ-92 автобензиндан 55 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,8 минг тоннани ташкил қилди. Камомаднинг ўртача қиймати 20,7 млрд сўм деб баҳоланди.

Юқоридаги нефть базаларида бўлгани каби Андижон нефть базаси бўйича ҳам камомад борлиги аниқланган. АИ-80 автобензиндан 84 тонна, АИ-91 автобензиндан 280 тонна, АИ-92 автобензиндан 6,7 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,9 минг тонна бўлган камомаднинг ўртача қиймати 19 млрд сўмни ташкил этади.

Талон-торожга йўл қўйгани учун Жиззах ва Андижон нефть базалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Молиявий ва комплаенс департаменти томонидан бундай ўрганиш тизимдаги барча корхоналарда ўтказилади. Аниқланган камомадлар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тегишли тартибда иш олиб боришади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид