Ўзбекистон | 17:51 / 30.07.2020
81723
2 дақиқада ўқилади

«Аҳволи оғир, сунъий нафас бериш аппаратига уланган». Муса Ерниязовнинг ҳолати ҳақида қўшимча маълумот берилди

Қорақалпоғистон Респуликаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда, у ўпканинг сунъий вентиляция аппаратига уланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг аҳволи ҳақида қўшимча маълумот берилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Анвар Алимов Муса Ерниязовнинг даволаниш учун Туркияга олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни рад этди – у Нукусда даволанмоқда.

«Бемор ҳозирда респиратор терапия олмоқда – у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига уланган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Муса Ерниязовни даволаш учун бошқа давлатга олиб кетиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлгани йўқ», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Штаб аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг сўзларига кўра, беморни даволаш туркиялик ва германиялик мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилмоқда.

«Муса Тажетдинович касалликнинг биринчи кунидан бошлаб Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия марказининг Нукус филиалида даволаняпти. У ерда Тошкент шаҳридан икки нафар мутахассис ва маҳаллий тиббиёт мутахассислари ишлашмоқда.

Ўзбекистонга германиялик ва туркиялик мутахассислар келганда Тошкент шаҳридан туриб видеоконференцалоқа орқали Бухоро, Хоразм ва Нукус билан алоқа ўрнатиб, у ердаги беморларнинг аҳволи бўйича маслаҳатлашдик. Шунингдек, Муса Ерниязовнинг ҳолати бўйича ҳам маслаҳатлашилди ва даволаш режасига кўрсатмалар берилди», деган Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг коронавирусдан даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди. 25 июль куни Ерниязовнинг ўлими тўғрисида хабарлар тарқалган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни рад этган.

Мавзуга оид