Спорт | 15:37 / 01.11.2018
11316
2 дақиқада ўқилади

Юқори рейтингга эга ўзбекистонлик спортчиларга 10 баробаргача кўпроқ стипендия тўланади

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритиши эҳтимоли юқори бўлган спортчиларни танлаб олади ва уларга қолган атлетларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ миқдорда стипендия тўлай бошлайди. Бу ҳақда бугун, 1 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган йиғилишда иштирок этган Kun.uz мухбири қўмита бош котиби Жасур Матчановга асосан хабар бермоқда.

«Токио-2020 Олимпиадасида ҳақиқатдан ҳам медаль олиши мумкин бўлган ўйинчиларни уларнинг рейтингига қараб ажратиб олдик. Уларнинг Миллий олимпия қўмитасидан оладиган стипендияси бошқаларига нисбатан камида 15 миллионга фарқ қилади. Уларнинг стипендияси миқдори 15 миллиондан 20 миллионгача этиб белгиланади. Қолганларники эса 2-5 миллион атрофида бўлиши мумкин. Мақсад – спортчилар рейтингда ўзларидан юқорида турган рақобатчиларига етишга интилишсин», - деб айтиб ўтди Матчанов.

«Эндиликда саралаб олинган спортчилар йил 12 ой давомида хорижда йиғин ўтказиши бўйича топшириқ олганмиз. Эркин ва юнон-рум кураши бўлса, Грузияга боришсин, Кавказга боришсин; бокс бўлса, Кубада тайёрлансин, Европага борсин. Ҳар бир спорт федерацияси ҳақиқатда медаль олишга қодир спортчиларини билади. Уларнинг жаҳон миқёсидаги рейтинги ҳам баланд. Ўша спортчиларни саралаб оламиз. Уларнинг овқатланиш режими ҳам, уларга берилаётган эътибор ҳам, стипендия ҳам алоҳида бўлади. Уй-жой ёки машинаси бўйича муаммоси бўлса, буни ҳам ҳал қиламиз», - дея таъкидлади МОҚ бош котиби.

Мажлисда, шунингдек, президент топшириғи билан Президент Админстрациясида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича алоҳида сектор ташкил этилгани ҳам қайд этиб ўтилди.

Мавзуга оид