Ўзбекистон | 22:31 / 03.10.2023
20422
2 дақиқада ўқилади

«Мобил қуллик» бекор қилинади — Рақамли технологиялар вазирлиги

Ўзбекистонда рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконияти йўлга қўйилиши яқин орада эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда «мобил қуллик»ка барҳам берилади, яъни рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди. 

Вазирлик 24−27 октябр кунлари бўлиб ўтадиган ICTWeek Uzbekistan 2023 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигида «мобил қуллик»ка барҳам берилиши ҳақида эълон қилади. Шунингдек, мобил операторлар ўртасида рақамларни узатиш тизими (Mobile Number Portability, MNP) намойиш этилади.

Қайд қилинишича, «мобил қуллик»ни бекор қилишнинг техник асослари ўтган йили тайёр бўлган, аммо идора ва компаниялар ўртасида келишув жараёни туфайли кечиктирилган. 

Рақамларни кўчириш хизматини жорий этиш президент томонидан 2018 йил май ойида тасдиқланган 2018−2021 йилларда Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш дастурида назарда тутилган эди. Ўша йилнинг декабр ойида Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини ўтказиш тўғрисидаги низом лойиҳасини муҳокамага киритди. 

Бошқа оператор билан янги шартнома тузишда рақамни сақлаб қолиш ҳуқуқи 2020 йил 1 октябрдан кучга кирган Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларига ҳам киритилган. 

Мавзуга оид