Иқтисодиёт | 18:59 / 23.09.2021
38988
2 дақиқада ўқилади

Онлайн назорат касса машиналарига оид тартиб ўзгармоқда, тадбиркорлар ортиқча тўловлардан қутулиши мумкин

Давлат Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида онлайн НКМлардан фойдаланиш учун бир қатор мантиқсиз тўловлар бекор қилиниши кўзда тутилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ВМнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжатни Савдо-саноат палатаси Kun.uz’га тақдим этди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига:

  • онлайн НКМ ёки виртуал кассага техник хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан тадбиркорлик субъектларининг талаблари бўйича фақат кўрсатилган хизматлар учун тўлов ундирилиши лозимлиги;
  • виртуал кассани давлат реестрига киритиш учун Давлат солиқ қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига пул маблағи ўтказилмаслиги;
  • онлайн НКМ ёки виртуал кассани давлат реестрига киритиш мақсадида “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан экспертиза хулосаси ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилиши тўғрисидаги меъёрлар белгиланмоқда.

Аввалроқ Kun.uz онлайн назорат касса машиналарига тадбиркорлар томонидан қилинаётган ортиқча тўловларга эътибор қаратиб таҳлилий мақола эълон қилганди. Амалдаги тартибга кўра, тадбиркор онлайн НКМни сотиб олган компанияга ҳар ой “техник хизмат кўрсатганлик” учун (техник хизмат кўрсатилган ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар) тўлов қилиши керак. 

Давлат солиқ қўмитаси Kun.uz’нинг бу масаладаги сўровига жавобан онлайн назорат касса машиналари 15 турда бўлиб, уларнинг ҳар бирига хизмат кўрсатувчи марказлар мавжуд. Аммо давлат уларнинг ишига аралаша олмайди, дея жавоб берганди.

Мавзуга оид