Трамп бош прокурорлик учун номзод танлади — у гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда ва вояга етмаганлар билан алоқада айбланган конгрессмен
Миллий разведкани эса республикачилар сафига ўтган собиқ демократ, АҚШ хориждаги урушларга аралашишига қарши бўлган аёл бошқариши мумкин.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўзининг бўлғуси маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танлашда давом этмоқда. АҚШ Миллий разведка директори лавозими учун у Талси Габбардни тайинлашни таклиф қилган — у Вакиллар палатасининг демократлардан бўлган, кейинчалик Республикачилар партияси сафига ўтган аъзоси бўлиб, АҚШнинг урушлардаги иштирокини танқид қилиб келган. Бош прокурор ва Адлия вазирлиги раҳбарлигига Трамп республикачи Мэтт Гетц номзодини илгари сурди — бу унинг фаол тарафдори бўлиб, 17 ёшли қиз билан муносабатлари туфайли унга қарши иш очилган. «Медуза» бу икки тайинлов ҳақида маълум бўлган гаплар ҳикоя қилди.
АҚШнинг бўлажак бош прокурори ким?
13 ноябр куни Трамп Вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан аъзоси Мэтт Гетцни бош прокуратура ва АҚШ Адлия вазирлиги раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Сайланган президент фикрича, Гетц Америка чегараларини ҳимоя қилиб, «жиноий гуруҳларни яксон этади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига синган ишончини тиклайди».
Ўтган ҳафтада Гетц бир неча кунни Трампнинг Флоридадаги қароргоҳи бўлмиш Мар-а-Лагода ўтказганди, деб хабар берган CNN ўз манбасига таяниб. Чоршанба куни у Трамп билан биргаликда Вашингтонга учган. Трампнинг эълонидан бироз ўтиб Гетц бош прокурор лавозимини эгаллаш ўзи учун шараф бўлишини айтди. Телеканал қайд этишича, Гетцнинг амалиётчи ҳуқуқшунос сифатидаги тажрибаси катта эмас — айниқса сўнгги йилларда ушбу лавозимни эгаллаган бошқа бош прокурорлар билан таққослаганда. У ўз карьерасининг катта қисмини сиёсатга бағишлаган.
«Бош прокурор роли Трампнинг иккинчи муддати учун муҳим аҳамиятга эга бўлади ва сайланган президентнинг сайловолди кампанияси чоғида ваъда қилган иммиграция, репродуктив саломатлик ва сиёсий душманлар устидан тергов ўтказиш сиёсатини амалга оширишга ёрдам беради», — дея ёзади CNN.
Гетц бир неча марта АҚШ адлия вазирлиги Жо Байден даврида консерватив кучлар, жумладан Доналд Трампга қарши воситага айланганини айтиб чиққанди. У шунингдек, Федерал қидирув бюросини ҳам танқид қилган, унинг фикрича, ушбу идора кузатув соҳасида қонун рухсат берганидан «анча ташқарига чиқиб кетгани»ни айтган. У махсус хизматлар ваколатларини чеклашга чақирган. «Биз ёки ҳукуматни ўзимизга қайтарамиз, ёки молиялаштиришни тўхтатиб, ФҚБ, Касалликларни назорат қилиш маркази (CDC),
Алкогол, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддаларни назорат қилиш бюроси (ATF), Адлия вазирлиги ҳамда уларга бўйсунувчи ташкилотларнинг барчасидан қутуламиз», — деган Гетц 2023 йилдаги тадбирлардан бирида.
Бўлажак бош прокурор Трамп ва Капитолий штурми иштирокчиларига қарши жиноий ишларни ҳам қоралаган. Хусусан, сайланган президентга қарши махфий ҳужжатларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун очилган иш тугатилишини олқишлаган.
Гетц Украина бундан кейин ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига қарши. 2023 йил февралида у Вакиллар палатасида Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни ёқлаб чиққан 11 республикачидан бири бўлганди.
2021 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Гетцни жинсий қуллик мақсадида одам савдоси билан шуғулланишда айблаб, тергов бошлаган. Конгрессмен 17 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилишда ва ўзи билан сафарларда бирга юриши учун пул тўлашда гумон қилган. У бу айбловларни рад этган. 2023 йил февралида вазирлик терговни якунлаган ҳамда унга қарши айбловлар қўймаган. The Washington Post маълумотига кўра, айблов томони иш бўйича икки асосий гувоҳнинг кўрсатмаларини шубҳали деб топган.
Вакиллар палатасининг этика бўйича қўмитаси ҳам Гетцга нисбатан тергов бошлаганди. У безорилик ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда гумон қилинган, шунингдек, у «қимматбаҳо совғалар олгани, шахсий муносабатлари бор кишиларнинг ишини ҳал қилиб бергани ва ўзига қарши терговга тўсқинлик қилишга урингани» тахмин қилинган. Гетц бу айбловларни ҳам бир неча марта рад этган. Қўмита маълумотларига кўра, июн ойи ҳолатига ўндан ортиқ гувоҳлар сўроқ қилинган, 25 та судга чақирув қоғози чиқарилган ва Гетцнинг терговига оид минглаб саҳифали ҳужжатлар кўриб чиқилган.
13 ноябр куни Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон бош прокурор лавозимига тасдиқлаш жараёнига тайёрланаётгани учун Гетц конгресс аъзолигини тарк этганини маълум қилди. CNN қайд этишича, Гетцга нисбатан тергов тўхтатилади, чунки Вакиллар палатаси қўмитаси фақат конгресс аъзоларига нисбатан текширувлар ўтказиш ваколатига эга.
Республикачилар партиясининг конгрессдаги юқори мартабали вакили Politico билан суҳбатда Гетц бош прокурор лавозимига тайинланишини «кучли юриш» деб атаган. Трампнинг атрофидагилар орасида эса ҳамма ҳам бу танловдан мамнун эмас, дея қайд этади нашр манбага ҳавола қилиб. Республикачи сенатор Линдси Грэм Гетц номзоди бош прокурорликка илгари сурилишига фикр билдириш сўралганида шундай деган: «Мен бу ҳақда ўйлаб кўришим керак».
АҚШ Миллий разведкасининг бўлажак директори ким?
43 ёшли Талси Габбард — Америка армиясининг истеъфодаги зобити бўлиб, Ироқда ҳам хизмат қилган. Трамп Габбард АҚШ Миллий разведкасига директор бўлиши ҳақидаги баёнотида у разведка жамиятига «қўрқув билмас руҳ» олиб келиши ҳамда «куч ёрдамида тинчлик»ни таъминлашини айтган.
У сиёсий карьерасини 21 ёшда бошлаган, ўшанда Ҳавайи штати вакиллар палатасига сайланганди, деб эслатади Associated Press. 2013 йилдан 2021 йилга қадар АҚШ конгресси Вакиллар палатасининг Демократик партиядан аъзоси бўлган. 2016 йилда у президентлик сайловларида сенатор Берни Сандерсни қўллаган, 2020 йилда эса ўзи ҳам демократлар праймеризида президентликка номзоди кўрсатилиши учун курашган (аммо Жо Байден фойдасига ўз номзодини қайтариб олган).
Ўша президентлик кампанияси вақтида у АҚШнинг хориждаги ҳарбий кампанияларига қарши фаоллик билан чиқишлар қилган. У АҚШнинг Яқин Шарқдаги урушлари минтақани беқарорлаштиргани, мамлакатнинг ўзининг хавфсизлигини ёмонлаштиргани ҳамда минглаб америкаликлар ўлимига олиб келганини таъкидлаган. Габбард Демократик партияни урушларга қарши чиқмагани учун айблаган. 2017 йилда у Сурияга келган ва мамлакат президенти Башар Асад билан учрашган. Ўшанда у «агар бу урушни тугатишга ёрдам берадиган имконият бўлса, исталган одам билан учрашишга тайёрлиги»ни айтганди.
2022 йилда Габбард Демократик партияни тарк этади. У партияда «уруш қўзғовчи элита гуруҳ ҳукмронлик қилиши»ни айтади. Шундан кейин Габбард бир қанча республикачиларнинг сайловолди кампаниясида қатнашади, республикачиларни қўлловчи Fox News канали мухбири бўлиб ишлайди, 2024 йилда эса Республикачилар партиясига аъзо бўлиб, Трампни қўллаб-қувватлайди. The New York Times ва AP Габбардни сайланган президент тарафдорлари орасидаги «юлдуз» деб атаган.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Габбард X ижтимоий тармоғида шундай ёзган: «Агар Байден маъмурияти ва НАТО Россиянинг Украина НАТОга аъзо бўлиши бўйича легитим хавотирларини, бу эса АҚШ ва НАТО қўшинлари тўғридан тўғри Россия чегарасида жойлашишини англатарди, шунчаки тан олганида, осонлик билан бу уруш ва азобларнинг олдини олиш мумкин бўларди».
2022 йил мартида эълон қилган видеосида у Украинада АҚШ томонидан молиялаштириладиган биологик қурол ишлаб чиқиш лабораторияси мавжудлигини айтади. Видеога жавобан республикачи сенатор Митт Ромни у «Россиянинг ёлғон пропагандасини такрорлаётгани»ни айтганди, деб эслатади The New York Times.
«Унинг номзоди кўрсатилиши Трампнинг ташқи сиёсат соҳасида АҚШнинг хориждаги ҳарбий аралашуви самарадорлигига катта шубҳа билан қарайдиган ўз тарафдорларига раҳбарлик лавозимларини ақдим этиш ниятида эканининг яна бир белгисидир», — дея қайд этади NYT. Associated Press Миллий разведканинг олдинги директорларидан фарқли равишда Габбард илгари юқори давлат лавозимларини эгалламаганига эътибор қаратган. Энди у (номзоди тасдиқланадиган бўлса) Марказий разведка бошқармаси раҳбари билан биргаликда Трампнинг разведка бўйича асосий маслаҳатчиси бўлади. Габбард 18 та разведка агентлигини назорат қилади ва ҳар куни эрталаб президентга бериладиган ҳисоботни тайёрлаш учун масъул бўлади.
Мавзуга оид
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
11:22 / 16.11.2024
Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
22:30 / 15.11.2024