Ўзбекистон | 11:04 / 30.04.2026
15331
2 дақиқада ўқилади

Деновда ўлим билан тугаган зўравонлик юзасидан 4 киши қўлга олинди

Маълум бўлишича, ота-болани калтаклаганлардан бири уларнинг қариндоши бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ота ва болани калтаклаб, улардан иккинчисини ўлдириб қўйган тўрт киши қўлга олинди.

Сурхондарё вилояти ИИБ расмий ахборотида айтилишича, ҳодиса 27 апрел куни Денов шаҳри Боғишамол маҳалласидаги автомобил ювиш шохобчаси олдида юз берган. 

Маълум бўлишича, 56 ёшли ота А.У ва унинг 32 ёшли ўғли А.А.ни пул олди-бердисида олдиндан ўзаро зиддиятда бўлган 37 ёшли жияни Қ.Ш уч нафар шериги – 30 ёшли Т.Ш, 29 ёшли Х.Ш ҳамда 30 ёшли Т.Ш билан бирга уриб, дўппослаган. 

Улар А.А.ни Gentra’га ўтқазиб воқеа жойидан олиб кетишган. У оғир тан жароҳатлари билан шу куни шифохонага ётқизилган. Уни бу ерга ким ташлаб кетгани очиқланмаган.

Аммо А.А кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан орадан 1 кун ўтиб – 28 апрел куни вафот этган.

Вилоят ИИБ дастлаб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «к» ва «е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ иш ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланганини маълум қилди. Ушбу моддага кўра, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши қайд этилган.

Ушбу ҳодиса иштирокчилари бўлган жиян ва унинг 3 нафар шериги ушланиб, процессуал тартибда қамоққа олинган.

Бундан олдинроқ Kun.uz манбаси ушбу қотиллик Деновда «Шакки» лақаби билан танилган зўравон бошчилигидаги гуруҳ томонидан содир этилганини хабар қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид