Ўзбекистон | 16:20
12888
3 дақиқада ўқилади

Деновда «Шакки» лақабли зўравон бир йигитни уриб ўлдиргани айтилмоқда

Тармоқларда пайдо бўлган видеода бир гуруҳ шахслар ота-болани калтаклагани, шундан сўнг ўғилни машинага мажбурлаб чиқариб, олиб кетишгани кўринади.

Фото: Видеодан кадр

27 апрел куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида қотиллик юз берган.

Тумандаги савдо нуқталаридан бири ҳудудидаги кузатув камерасига ёзиб олинган видеода Nexia ва Lacetti русумли енгил машиналарда келган бир гуруҳ шахслар йўл четида турган ота ва ўғлини калтаклашни бошлаганини кўриш мумкин. Бироз ўтиб улар ўғилни мажбуран машинага солиб, олиб кетишган.

Kun.uz манбасига кўра, ушбу иш ортида Деновда «Шакки» лақаби билан танилган зўравон турибди. У шериклари билан йигитни олиб кетиб, уриб ўлдиргани таъкидланмоқда.

Тахминларга кўра, ушбу жиноятга ер билан боғлиқ низо сабаб бўлган. Вафот этган йигит ер сотиб олиб, уни ўз таниши бўлган «Шакки»нинг номига расмийлаштирган. Кейинчалик у ерда дўкон қуриб, мулкни ўз номига ўтказмоқчи бўлганида ўртада зиддият келиб чиққан.

Kun.uz ҳолат юзасидан расмий муносабат олиш мақсадида Сурхондарё вилояти ИИБга сўров жўнатди.

Хабар янгиланди. Ушбу хабар эълон қилингач, вилоят ИИБ қуйидагича расмий ахборот тақдим этди:

Жорий йилнинг 27 апрел куни соат 17:50ларда Денов шаҳри Боғишамол маҳалласи ҳудудида жойлашган автотранспорт ювиш шохобчаси олдида, 1970 й.т. А.У. ҳамда унинг фарзанди 1994 й.т. А.А.ни, пул олди-берди масаласида олдиндан ўзаро зиддиятда бўлган жияни 1989 й.т. Қ.Ш. ҳамда унинг шериклари 1996 й.т. Т.Ш., 1997 й.т. Х.Ш. ҳамда 1996 й.т. Т.Ш.лар уриб, тан жароҳати етказиб, сўнг Gentra автомашинасига ўтказиб воқеа жойидан олиб кетишган.

Шу куни Денов туман Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган жабрланувчи А.А. ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари оқибатида, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 28 апрел куни вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “к, е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, 4 нафар иштирокчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид