Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аргентинадаги компанияда иш ҳақи ходимлар томонидан белгиланмоқда
Аргентинада 10Pines дастурий таъминот компанияси ходимларнинг иш ҳақини уларнинг ҳамкасблари томонидан белгиланишига имкон беради.

Шаффоф ва демократик бўлишга интилаётган мазкур компанияда иш ҳақи йилига уч марта ўтказиладиган «иш ҳақини тайинлаш йиғилишлари»да белгиланади. Ушбу йиғилишларда янги ва синов жараёнида бўлган ходимлардан ташқари барча иштирок этади.
Ходимлар (ёки уларга йўл-йўриқ кўрсатувчилар) иш ҳақи қанча ошиши кераклигини айтишади ва уларнинг бу борадаги таклифлари очиқ муҳокама қилинади.
2010 йилда ташкил топган ва 85 нафар ходимга эга 10Pines компанияси пойтахт Буэнос-Айрес шаҳрида фаолият олиб боради.
Ходимлар компания фойдасининг 50 фоизини бўлишишади.
Ходимлардан бири Ариел Уманский 2020 йил декабрда 7 фоизга кўтарилган ойликни олишдан бош тортган. «Ўз қобилиятини мендан кўра яхшироқ намойиш эта олган ҳамкасбларим қаршисида ўзимга нисбатан ишончсизлик туйдим», дейди Уманский бунга изоҳ бераркан.
Уманский сўнгги 5 йил ичида иккинчи марта оширилган ойликни олишдан бош тортган.

«Иерархик бўлмаган компания»
Компания имкон қадар тўғри иерархияга эга бўлишни ва ходимлар учун шаффоф муҳит яратишни мақсад қилган.
3 ойлик синов муддатидан сўнг ишга қабул қилинган ҳар бир янги ходим жамоанинг қолган қисми билан ҳар ой очиқ йиғилишларда қатнашади. Йиғилишда потенциал янги мижозлар, харажатлар, компанияни молиялаштириш ва албатта, иш ҳақи каби бир қатор муҳим масалалар бўйича компания қарорлари қабул қилинади.
Жамоада бош директор ёки менежер йўқ. Бунинг ўрнига «ҳамкасблар» ёки «уста»лар мавжуд.
«Ойликларни ошириш тўғрисида қарор қабул қиладиган хўжайин йўқлиги сабабли биз ҳокимиятни ходимларга берганмиз», дейди 10Pines асосчиларидан бири Хорхе Силва.
Янги ишга қабул қилинган шахслар ўз маошлари тўғрисида маълум даражада келишиб олишлари мумкин. Силванинг айтишича, бу аввалига муаммо бўлиши мумкин. Шу сабабли, янги ишчиларга таклиф қилинадиган иш ҳақи компаниядаги яқин тажрибага эга бўлганлар билан ҳал қилинади.
Ишга қабул қилиш жараёнидаги сўнгги суҳбатда эса номзод 80 кишидан иборат бутун жамоа билан учрашади. Бу ердаги мақсад шуки, номзод жамоанинг ишчи динамикасини кўриши керак. Ушбу босқичда номзодга ҳеч қандай техник саволлар берилмайди.
«Агар у даҳо бўлган тақдирда ҳам баъзи ходимлар жамоага мослашмаслик натижасида кескинликни туғдиришини мумкин», дейди Силва.
Ўзининг ёндашувини «социократия» деб таърифлаган 10Pines компанияси бразилиялик тадбиркор Рикардо Семлер тажрибасидан илҳомланган. Семлер ўз тажрибаларини «Маверик» номли китобида қаламга олади.
«Биз бу китобни муқаддас китобимиз деб билдик», дейди 10Pines асосчиларидан бири Хорхе Силва.

«Гендер тенглиги осонлашади»
«Ишдаги инсон тажрибаси» китобининг муаллифи, Буюк Британиядаги меҳнат мураббийлари ва консалтинг фирмаси – HEX Organization’нинг бошқарув директори Бен Уайтернинг сўзларига кўра, дунёда бундай «илғор ва шаффоф» компанияларнинг сони кўпайиб бормоқда.
Уайтер «шаффоф иш ҳақи» ғояси орқали эркаклар ва аёллар ўртасида тенг шароитларни таъминлаш мумкин, деб ўйлайди: «Кўплаб компанияларда иш ҳақи ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинади. Аммо шаффоф иш ҳақи янада аниқроқ ва ҳисоблашга қулай усул ҳисобланади».
Бошқа томондан, Уайтер бу усулни 80 нафар ишчиси бўлган компанияда қўллаш мумкин, деб ҳисоблайди, аммо ишчилар сони икки баравар кўпайган тақдирда бу усулнинг фойдаси камайиши мумкин.
«Биз тенг эмасмиз, лекин адолатли бўлишга ҳаракат қиламиз»
«Биз бу жараённи 12 йил ичида ишлаб чиқдик» дейди 10Pines дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси Анжелес Телла Арена.
«Иш ҳақи бўйича музокараларни бошлаганимизда 30 нафар ишчимиз бор эди. Ўшанда биз 50 нафар ходим билан фаолият юритсак, бу усул ишга ярамай қолади, деб қўрқардик, аммо биз шунчаки мослашишда давом этдик. Ишончни сақлаб қолиш учун жараёнларни янгилаб туришингиз керак».
Арена агар компания ўсишда давом этса, худди шу тизимни автоном равишда нусхалаб ишлатадиган иккинчи офисни яратишга эҳтиёж туғилиши мумкинлигини айтади.
Ҳаммуассис Хорхе Силва эса «Муҳими, тенглик ва адолат ўртасида фарқ борлигини англаш керак», деган фикрда.
«Ҳаммамиз тенг эмасмиз, лекин адолатли бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Биз ўз ходимларини бошқаришга ва уларга болалардай муносабатда бўлишга ҳаракат қилувчи классик компания бўлишни хоҳламаймиз», дейди у.
Мавзуга оид
17:24 / 08.12.2025
Хитой дунёдаги энг узоқ авиақатновни йўлга қўйди
07:20 / 06.12.2025
Россия–Қозоғистон, Аргентина–Чили: дунёдаги энг узун чегаралар рўйхати
18:44 / 29.10.2025
Аргентина банки Марадона голи тасвирланган тангани чиқарди
12:04 / 27.10.2025