Ўзбекистон | 21:24 / 03.05.2023
8397
2 дақиқада ўқилади

Германия Сурхондарё ва Фарғонада сув таъминоти яхшилаш учун маблағ ажратади

Германиянинг KfW банки Ўзбекистонда сув таъминотини яхшилаш учун 130 млн евро кредит ва 70 млн евро грант ажратмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга ташрифини ёритаётган Kun.uz мухбирига “Ўзсувтаъминот” раиси Соҳиб Саифназаров маълум қилди.

Ажратиладиган маблағнинг асосий қисми Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадига йўналтирилади.

Хусусан, 126 млн евро Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг ичимлик суви ва оқова сув тизимларини ривожлантириш, 34 млн евро Термиз шаҳри оқова сув тизимини яхшилаш, 30 млн евро Сурхондарё вилоятининг туман марказларида оқова сув тизимини қуриш учун йўналтирилади. Шунингдек, KfW банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 млн евро йўналтирилади.

Бу борада немис банки билан англашув меморандуми, йўл харитаси ва грант битими имзоланди.

Соҳиб Саифназаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда айни пайтда аҳолининг марказлашган сув билан таъминланганлик даражаси 75 фоиз. 2026 йилга келиб, бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш режалаштирилган.

Республикадаги марказлашган оқава сув таъминоти эса 20 фоиздан ошмайди. Ташриф доирасида, “Aqua Sonsult Ingeniyeur GmbH” компанияси билан “Самарқанд вилоятининг 6 та туман марказлари ва шаҳарчаларида оқова сув тизимларини қуриш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга оширишни кўзда тутувчи англашув меморандумига имзо чекилди.

Бундан ташқари, “German Vater Partnership” компанияси билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандумга кўра, соҳада жорий этилган сувни ва электр энергиясини тежовчи янги инновацион технологиялар асосида бошқарув самарадорилигини ошириш, сув йўқотишларни ҳамда электр энергия харажатини камида 3-4 баробар камайтиришга эришилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Атроф-муҳит федерал агентлиги (UBA) билан ҳамкорликда соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ҳар йили Германияда ўрта муддатли таълим олиш курслари ва амалиёт ўташи бўйича келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, KfW банки Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун 45 млн евро кредит ва 5,5 млн евро грант ҳам ажратмоқда.

Мавзуга оид