Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муҳаммад Али Ўзбекистонда. Афсонавий боксчи ташрифининг тафсилотлари фотосуратларда
1978 йил июнь ойида америкалик машҳур боксчи Муҳаммад Али Совет Иттифоқига сафар қилиб, Тошкент ва Самарқандда ҳам бўлган. Али ташрифининг Москва қисми ҳақида деярли ҳамма нарса маълум, аммо Ўзбекистонга саёҳати ҳақида бундай деб бўлмайди.
Муҳаммад Алининг «туғилиши»
Муҳаммад Али номи (Исломни қабул қилишидан олдин - Кассиус Клей) Американинг «Ислом миллати» ташкилоти билан чамбарчас боғлиқ. Бу ташкилот афро-америкаликларнинг сиёсий ва диний ҳаракати бўлиб, анъанавий Исломдан фарқ қиладиган ўз қадриятларига таянган. Ташкилотнинг асосий мақсади Қўшма Штатлар ва бутун дунёда қора танлиларнинг маънавий, ижтимоий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш бўлган.
Муҳаммад Али 1964 йилда ушбу ташкилотга расман аъзо бўлади. Кассиус Клей номидан воз кечиб, Муҳаммад Али исмини олади. Дастлаб унинг янги исми бир неча журналист томонидан тан олинган. Бунга жавобан Али олдинги исми «қулларга хос» бўлганини айтган, «уни мен танламадим, бундай исмни хоҳламайман», деган.
Алининг урушга қарши позицияси
1966 йилда Али Вьетнам урушида қатнашаётган АҚШ Қуролли Кучлари сафига чақирилиши керак эди. Аммо боксчи армияда хизмат қилишдан бош тортади. «Бу уруш диний эътиқодимга зид, унда қатнашмайман», дейди у. Али ҳатто Қуролли Кучлар сафидаги хўжалик ишларида қатнашишни ҳам истамаган. Чақирув кенгашига ёзган мактубида у диний қарашлари туфайли ҳарбий хизматдан воз кечишини билдирган.
1967 йилда Нью-Йорк штатининг Атлетика комиссияси ҳарбий хизматни ўташдан бош тортгани учун унинг бокс лицензиясини тўхтатиб қўяди. Ушбу амалиёт бошқа барча штатларда ҳам қўлланилади. Натижада, Али 4 йил давомида расмий жангларни ўтказмаган. Ҳатто хориждаги мусобақаларда ҳам иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Шу йили Али ҳарбий хизматни ўтамаса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида расман огоҳлантирилади. Бироқ барибир ўз фикридан қайтмайди. Оқибатда, унинг устидан жиноят иши очилади.
1967 йил 19 июнда суд бўлиб ўтади. Тўққиз соатлик маҳкамадан сўнг, ҳакамлар ҳайъати Алини айбдор деб эълон қилади. У 5 йиллик қамоққа маҳкум қилинади ва 10 минг доллар жаримага тортилади.
Аммо Алининг адвокатлари ҳукм устидан апелляция беришади. Суд маҳкамалари давом этар экан, у озодликда қолади. 1971 йил 28 июнда АҚШ Олий суди Алининг иши бўйича янги ҳукмни чиқаради. Боксчи ўз диний қарашлари туфайли ҳарбий хизматдан бош тортишга ҳақли деб топилади. Али оқланади ва барча ҳуқуқлари тикланади. Унинг яна дунё бўйлаб саёҳат қилишига ва мусобақаларда иштирок этишига йўл очилади. 1972 йилда Муҳаммад Али Маккага ҳаж қилади.
Муҳаммад Али Совет Иттифоқида
Муҳаммад Али Совет Иттифоқининг Қўшма Штатлардаги элчиси Анатолий Добринин билан дўстона муносабатда бўлган. Айнан элчи уни Москвага таклиф қилган эди.
1978 йил 12 июнда Муҳаммад Али рафиқаси Вероника Порше, мураббийи, менежери, адвокати ва бошқа шахслар ҳамроҳлигида Москвага боради.
У аэропортдаёқ сиёсатдан йироқ эканини, фақат мамлакатни томоша қилиш ва одамлар билан танишиш, шунингдек, ҳар доим ажойиб формада бўлган совет боксчиларини тайёрлаш сирларини ўрганиш мақсадида келганини айтади.
Али Кремль атрофида эрталабки машғулотни бажаради, бироз югуради. Бу билан ҳаммани таажжубга солади. Кун бўйи шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилади. Жисмоний маданият институти талабалари билан учрашади, бокс кафедрасида бўлади, ҳатто галстук, кўйлак, шим ва туфлида бўлса-да, қўлқопларни кийиб рингга кўтарилади. Кечқурун Циркни томоша қилади.
Муҳаммад Али Ўзбекистонда
15 июнь куни америкалик меҳмонлар Тошкентга келишади. Али ва унинг ҳамроҳларини Ўзбекистоннинг Ислом тарихи ва маданияти маркази сифатидаги ўрни алоҳида қизиқтирар эди. Сафар дастуридан Ўзбекистоннинг бош шаҳри билан бир қаторда Самарқанд ва Бухорога бориш ҳам жой олган эди.
Ўша кунларнинг хронологияси ҳақида маълумотлар кам. Аммо Тошкентдаги айрим воқеалар ҳақида ишонч билан айтиш мумкин. Жумладан, Али Республика спорт қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этади. Ҳамроҳлари билан шаҳар бўйлаб сайр қилади. Ленин музейини, шунингдек, 1966 йилдаги даҳшатли зилзилада қурбон бўлганлар хотирасига бағишлаб барпо этилган «Жасорат» монументини томоша қилади, машҳур ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев билан учрашади.
Журналист Хуршид Дўстмуҳаммад ўзбек амалдорлари томонидан ташкил этилган тадбирлар Алида қизиқиш уйғотмаганини ёзади.
«Алининг келиши муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ССР Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Мирза Иброҳимов ўзбек спортчилари эришаётган ютуқлар ҳақида гапирди. Муҳаммад Али унинг гапига эътибор бермай, дастурхонга қўйилган узумларни еб ўтирди», — дейди у.
Али Ленин музейига ташриф буюрганида ҳам худди шундай зериккан. «У экскурсовод гапларига қулоқ солмади, кўпинча ундан 10 метр нарида турарди», — деб қўшимча қилди Дўстмуҳаммад.
Али худди Москвадагидек бокс залида бўлади. Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумида қабул қилинади. Тошкент каналларидан бирида қармоқ билан балиқ тутади. Буларнинг барчаси кинолавҳаларда тасвирланган.
Муҳаммад Али шарқона меҳмондўстлик билан кутиб олинган. Уни барча жойда тўкин-сочин дастурхон кутиб турарди. Алига Ўзбекистонда етиштирилган мевалар, айниқса гилос жуда ёққан. Буни сезган мезбонлар уни ҳўл мевалар билан доимий таъминлашга ҳаракат қилишган. Али Москвага қайтиб борганида Тошкентдан 4 кг ортиқча вазнни олиб келганини ҳазиломуз оҳангда гапирган.
17 июнь куни америкалик меҳмонлар Самарқандга боришади. Улар ўрта аср меъморчилиги ёдгорлиги Шоҳи Зинда мажмуасини томоша қилишади. Бозор ва масжид атрофида сайр қилишади. Али диний уламолар билан учрашиб, масжидда намоз ўқийди. Унга зарбоф тўн кийдирилади.
18 июнда Али ҳамроҳлари билан Москвага қайтади. Режадан жой олган Бухоро саёҳати вақт тиғизлиги боис бекор қилинади.
СССР пойтахтига қайтгач, Али оғир вазн тоифадаги боксчилар билан кўргазмали жангларда иштирок этади. КПСС Марказий Комитети Бош котиби Леонид Брежнев билан учрашади. Ундан «Малая Земля» номли китоб ва соатни совға сифатида қабул қилиб олади.
21 июнь куни Али ва унинг ҳамроҳлари Аэрофлот рейси билан Нью-Йоркка учиб кетишади.
Муҳаммад Алининг Ўзбекистонга ташрифига гувоҳ бўлганлар унинг ғайриоддий, кутилмаган хатти-ҳаракатларидан ҳайрон бўлишган. Унинг атрофидаги расмийлар меҳмоннавозлик, ҳурмат-эҳтиромга, расмиятчиликка жиддий эътибор беришган бир пайтда, америкалик боксчи ўзини жуда эркин тутган, кўп ҳазиллашган, ҳатто бир ҳолатда кўчада кетаётган бақувват йигит билан бокс тушишга уринган.
Муҳаммад Али 2016 йилда 74 ёшида вафот этган. Ўзининг қадрдон шаҳри Луисвилда дафн қилинган.
Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.
Мавзуга оид
23:11 / 13.12.2025
Ўзбекистонлик боксчилар жаҳон чемпионатини икки олтин ва тўрт кумуш медал билан якунладилар
19:35 / 13.12.2025
Ҳасанбой Дўсматов икки карра жаҳон чемпионига айланди
19:34 / 28.11.2025
Бокс бўйича 2026 йилги жаҳон кубоги Ўзбекистонда ўтказилади
19:16 / 18.11.2025