Жамият | 17:50 / 27.03.2019
33476
5 дақиқада ўқилади

Томорқачиликни маъмурий чоралар билан ривожлантириб бўладими?

«Томорқалардан фойдаланиш самарадорлиги паст». Мазкур жумла бир неча бор фармон ва қарорлар матнларида янгради. Томорқалардан яхши фойдаланилмаётганидан хавотирни ўзида жамлаган бу фармонларда ҳолатни яхшилаш бўйича чоралар бот-бот тилга олинди. Аммо, мазкур чоралар вазиятни ўзгартира оладими?

Куни кеча regulation.gov.uz сайтида «Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди ва унда ҳам ўша жумла — «барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ажратилган ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда», деб ёзилган.

Хусусан, «2018 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида, республика бўйича 69,4 минг томорқа ер эгалари томонидан 4,0 минг гектар, жумладан Самарқанд вилоятида 995 гектар, Сурхондарё вилоятида 649 гектар, Қашқадарё вилоятида 624 гектар, Навоий вилоятида 384 гектар, Андижон вилоятида 294 гектар томорқа ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмагани аниқланган», – дея келтирилади қарор лойиҳасида.

Хўш, нега «барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан» томорқачилик самарадорлиги кўнгилдагидек эмас? Мазкур савол устида мулоҳаза қилишга уриниб кўрамиз.

Бозор иқтисодиётининг минг йиллик қонуниятлари

Бот-бот ўз исботини топган тамойил – шахсий манфаат иқтисодиётнинг ҳар қандай соҳасини ривожлантирувчи куч. Мазкур собит ва ўзгармас қонун азалдан инсониятнинг тирикчилигини таъминлашга хизмат қилиб келган. Шахсий манфаат ривожланиш ҳаракатининг генераторидир. Шахсий манфаат бор жойда бировни ундаш, мажбурлаш, чора кўришга ҳожат йўқ — ундай жойда ишлар ўз-ўзидан ривожга юз тутади. Бу эса жамиятнинг шаксиз ютуғи.

Ҳеч кимга сир эмас, узоқ йиллар давомида томорқачиларимизнинг ҳолини ҳеч ким сўрамай келди. Томорқачи етиштирган маҳсулотнинг тақдири ўша томорқачидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Энг ачинарлиси — етиштирилган маҳсулотни экспорт қилувчи хусусий тадбиркорларнинг йўлига бир йил бўлмаса иккинчи йил сунъий ғовлар қўйилиб келинди — йўллар ёпиб қўйилар эди. Натижада томорқачилар бир йил фойда кўришса, кейинги йил маҳсулотлари сув текин бўлиб қолиб, меҳнат ва харажатларига куйиб қолишарди.

Аммо минглаб, бошқа даромад манбаига эга бўлмаган томорқачилар, барибир томорқаларига экин экиб келишди. Нимасини айтамиз, айнан шу омил — қишлоқ одамларимизнинг тиришқоқлиги аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилиб келди ҳамда давлатни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдек харажатли ишдан халос этди.

Табиийки, томорқачиларнинг меҳнатини қадрламаслик натижасида томорқада экин қилишга бўлган қизиқиш қишлоқларда бирмунча пасайиб кетди. Яъники, ўша биз тилга олган шахсий манфаат стимули увол бўлди.

Нима қилиш керак?

Ўз-ўзидан тушунарлики, томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун шахсий манфаатдорлик стимулини ошириш бўйича қатъий чораларни кўриш лозим. Бу эса соҳа тўлиқ бозор муносабатларига ўтиши, соҳага маъмурий аралашувдан, бозор иқтисодиёти тамойилларига мутлақо зид бўлмиш нарх белгилашлардан воз кечиш, маҳсулотни экспорт қилувчи хусусий тадбиркорлар фаолиятини маъмурий-идоравий аралашувлардан халос этиш, маҳсулотнинг бемалол кўчиши учун йўлларни очиш билан бўлади. Шундагина етиштирилган маҳсулотнинг нархи конъюнктурага, талаб-таклифга мувофиқ шаклланади, қишлоқ аҳлининг томорқалардан фойда кўришга бўлган стимули ўз-ўзидан ошади.

Бозор муносабатлари, товар алмашинуви, маҳсулот ишлаб-чиқариш ва бошқа шу каби жараёнларга маъмурий аралашув, ишлаб турган тизимларга халақит қилиш шахсий манфаат стимули, кишиларда шижоатни пасайтирувчи омил бўлиб, ривожланиш жараёнларининг «белини синдиради».

Шахсий манфаатдорликка интилиш — инсон табиатига жойланган фундаментал, инсонни ҳаракатга келтирувчи хусусият. Мазкур хусусиятни ўз ўрнида озуқалантириб замонавий жамиятлар ривожланмоқда. Ундаш, мажбурлаш, ноўрин чекловлар, «сафарбар этиш»нинг турли кўринишларига суянган ижтимоий-иқтисодий тузумлар эса бирин-кетин инқирозга учраб, тарих саҳифаларида қолиб кетди ва қолиб кетмоқда. Эски хатоларни такрорлаш билан биз ўз-ўзимизни овора қилишда давом этамиз, холос.

Шокир ШАРИПОВ

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид