Ўзбекистон | 18:37 / 19.11.2021
7653
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги ИЭСни Франция, Қатар ва Япония компаниялар консорциуми қуради

Лойиҳани амалга оширишга жалб қилинаётган инвестициялар миқдори 1,2 млрд долларга баҳоланмоқда.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Сирдарё вилоятида 1600 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати маълумот бермоқда.

Дастлабки танловда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА ва Франциядан 10 та компания иштирок этиб, улардан 8 таси ушбу танловдан муваффақиятли ўтган.

EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation (Франция, Катар, Япония) компаниялар консорциуми ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 3,367 центга тенг бўлган тарифи билан иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб эълон қилинди.

Powerchina Resources Ltd ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 3,471 центга тенг бўлган тарифи билан ушбу тендернинг захира ғолиби деб топилган.

Иссиқлик электр станцияси 2025 йилнинг ўртасида ишга туширилиши кутилмоқда. Электр станциясининг ишга туширилиши йилига 12 млрд кВт/с электр энергия ишлаб чиқаришни таъминлаши айтиб ўтилган.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 1,5 млн хонадонни қўшимча электр энергия билан таъминлаш, шунингдек, қурилиш вақтида 1000 га яқин янги ҳамда станциядан фойдаланиш вақтида 50 та доимий иш ўрни яратишга имкон бериши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳани амалга оширишга жалб қилинаётган инвестициялар миқдори 1,2 млрд долларга баҳоланган.

Мавзуга оид