Жамият | 21:24 / 26.05.2023
80057
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик йигит Украинадаги урушда ҳалок бўлди 

У Россия қамоқхонасидан мажбурлаб Украинадаги урушга сафарбар қилинган. 

Фото: Видеодан кадр

23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ш. Тожибоев Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётган вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, йигит Россияга ишлаш учун бориб, кафе очган, машина олишга муваффақ бўлган. Россия-Украина чегарасига одам олиб кетаётганда машинасидан героин билан қўлга тушган. Шундан сўнг, Ш.Тожибоев Россияда қамалган. Жазо муддатини ўтаётган пайтида Украинада олиб борилаётган уруш учун «сафарбар қилинган». У ерда ҳалок бўлиб, жасади Ўзбекистонга юборилган.

Марҳумнинг онаси уни армияда хизмат қилмагани, қурол ушлашни билмаслигини айтиб куюнди.

«Мен ҳеч қандай хизмат қилмайман, одам ўлдирмайман, онажоним, мен бормайман, десам ҳам мажбурлашди», деб ўғлининг сўзларини келтирди она.

Аёл ўғлининг жасади Ўзбекистонга келтирилганини тасдиқлади.

«Ҳеч кимга бу кунни раво кўрмайман. Фарзандларингизни эҳтиёт қилинглар, ишлагани кетяпти деманглар, туҳмат қилишаркан», деб мурожаат қилди у бошқа ота-оналарга қарата. 

Украинада уруш бошлангач Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси қамоқ жазосига маҳкум қилинганлар орасидан жангчи ёллашни бошлагани ҳақида аввалроқ кўплаб хабарлар тарқалган эди. Улар маҳкумларга 6 ой уруш зонасида «хизмат» қилганидан кейин айби ювилишини, афв қилинишини ва озодликка чиқишини ваъда қилишган. Ёлланганлар орасида нафақат россияликлар, балки хорижликлар ҳам борлиги айтилган эди. 

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, моддий манфаатдорликни ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатлар органларига хизматга ёлланса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид