Ўзбекистон | 22:27 / 19.04.2022
16008
2 дақиқада ўқилади

Эски намунадаги “права”га эга ҳайдовчилар ёнида барча ҳужжатларини олиб юриши лозим – Эрали Бозоров 

Матбуот анжуманида ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга ҳайдовчилар автомобил бошқарганда барча ҳужжатларини ўзлари билан олиб юришлари лозимлигини, чунки базада уларнинг маълумотлари чиқмаслигини билдирди.

“Ҳозирги кунда кимда янги техпаспорт, янги права бўлса, ушбу ҳужжатларсиз ёнида ID-карта билан автомобил бошқариши мумкин.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ёнида бўлмаган ҳолда ID-карта ва паспорт билан транспорт бошқариш имконияти 2022 йил 1 апрелдан кучга кирди. Эрали Бозоровга кўра, эски намунадаги гувоҳномаларни ҳам айни шу муддатгача янгисига алмаштириш тугалланиши мўлжал қилингани сабабли ҳужжатларда бу қоида акс эттирилмаган.

Аввалги муддат бўйича “права”ларни янгисига алмаштириш 1 апрелгача белгиланган эди. Аммо янгисига алмаштиришга улгурилмагани инобатга олиниб, бу муддат 2024 йилгача чўзилди.

Эътибор берган бўлсангиз, шуни инобатга олиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририда бу алоҳида кўрсатилди. Яъни, ёнида олиб юриши белгиланди.

Янги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга одам ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси билан юрса, унинг барча ҳужжатлари мавжудлиги планшет орқали текширилади” – деди Эрали Бозоров.

Kun.uz мухбири 2021 йил ноябрдаги қонунда ҳам янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномалари эски ёки янги деб ажратилмагани, ушбу ҳужжатларда умумий қилиб ҳайдовчилик гувоҳномалари тилга олингани, бунга ишониб эски ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчилар ёнида паспорти ёки ID-картасини олиб автомобил бошқарса, тушунмовчилик келиб чиқиши мумкинлигини билдирди.

Эрали Бозоров эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари электрон базада мавжуд эмаслигини, шу туфайли эски ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини планшетдан аниқлаш имкони йўқлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчилар ёнида барча ҳужжатлари билан юриши лозим, акс ҳолда уларга нисбатан чора кўрилади.

Мавзуга оид