Ўзбекистон | 14:54 / 09.09.2022
9882
2 дақиқада ўқилади

Навоийлик аёлни чув туширган хавфли рецидивист 5 йилга қамалди

Ўзини гуруч савдогари деб таништирган эркак аёлга 100 млн сўм дея скотчлаб ўралган салфеткани тутқазиб, унинг 18,5 млн пулини олиб кетган.

Фото: AP

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа тумани суди раиси Адиз Авезовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқаро Р.Б. навоийлик аёлга ўзини Алишер деб таништириб, гуруч савдоси билан шуғулланишини айтган ва уйида бир кеча тунаб қолишни сўраган. У Хоразмдан юк машинасида гуруч олиб келинаётгани, юкни қабул қилиб олиши кераклигини ва харажатлар учун майда купюрали пули йўқлигини, ёнида бўлган 100 млн сўм пули эса катта купюрали эканлигини айтган.

Шу тариқа аёлнинг ишончига кирган фирибгар унга қора пакетга скочтлаб ўралган 100 млн сўмни тутқазиб, сақлаб туришни сўраган ҳамда 18,5 млн сўм пулини ва бозор нархи 3 млн сўм бўлган уяли телефонини олиб чиқиб кетган. “Савдогар” қайтавермагач, у қолдириб кетган пакет очиб кўрилганида, унинг ичида 100 млн сўм пул эмас, 4 та салфетка борлиги маълум бўлган.

Суд ҳукми билан Р.Б. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ундан аёл фойдаси етказилган 21,5 млн сўм зарарни ундириш белгиланган.

Мавзуга оид