Жамият | 11:35
1571
3 дақиқада ўқилади

18 ёшли хавфли рецидивист: Наманганда машина олиб қочган ўсмир озодликдан маҳрум қилинди

Чуст туманида яшовчи йигит бировнинг Lacetti машинасини олиб қочган. У ўғирлаган машинасини Тошкент шаҳри томонга бошқариб келаётиб, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида ЙТҲга учраган. Йигит бунгача ҳам икки марта – 2022 йил ва 2023 йил айни шу турдаги жиноятга қўл уриб, судлангани ҳамда хавфли рецидивист деб топилгани маълум бўлди.

Фото: Getty Images

Наманган вилоятининг Чуст туманида бировнинг машинасини олиб қочган вояга етмаган А.А. жиноий жазога тортилди. У аввал ҳам шу турдаги жиноятни содир қилган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, А.А. 2006 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. У жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг 2022 йил 16 декабрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодексининг 85-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг 2023 йил 13 октябрдаги ҳукми билан айни шу турдаги жиноятни содир қилгани учун иккинчи бор 2,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. Суднинг 2024 йил 30 апрелдаги ажримига асосан ўталмай қолган 1 йил 7 ой 12 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Аммо А.А. орадан кўп ўтмай – 2024 йил 7 июл куни учинчи бор шу турдаги жиноятга қўл урган. У хавфли рецидивист бўлгани ҳолда Чуст шаҳар, “Дўстлик” МФЙ, Ёшлик кўчасидаги уйлардан бирининг олдида турган, фуқаро А.Б.га тегишли Lacetti машинасини олиб қочган.

Машинани ўт олдириб, ҳаракатга келтирган А.А. уни Тошкент шаҳри томон бошқариб кетган. Бироқ “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг Юқори Чирчиқ туманидан ўтган қисмида машинани темир тўсиққа уриб, ЙТҲ содир қилган. Оқибатда машинага қарийб 25 млн сўмлик зарар етган.

А.А. судда қонуний вакили иштирокида сўралганда, айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

Чуст тумани, “Дўстлик” МФЙ ёнидан ўтиб кетаётсам оқ рангли Gentra турган экан. Машина эшиги очиқ ҳолатда эди. Атрофда ҳеч ким йўқлиги учун машинага ўтириб, уни бошқарган ҳолда “Чуст-Наманган” йўналишидаги “Қодиробод” газ тўлдириш шохобчаси олдига бордим. Кейин шу ердан ортга, Чустга қараб қайтдим. Чуст шаҳрида бироз айланиб, соат 00:30 ларда Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиқдим. Машинани бошқариб, Наманган ЙПХ масканидан ЙПХ ходимларига билдирмасдан ўтиб олдим. Юқори Чирчиқ тумани худудидаги “бетонка” йўлдан ҳаракатланиб кетаётиб, чарчаб ухлаб қолибман. Бошқарувни йўқотиб, машинани йўл ўртасидаги темир тўсиққа урдим.

Сўнг йўловчи ҳайдовчилар мени Тошкент шаҳрига киришдаги постга олиб боришиб, ЙПХ ходимларига топширишди. Кейин ИИБ биносига олиб боришди”, деган у кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан А.А. Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 85-моддасини қўллаб, ўталмай қолган жазосини ҳам қўшган ҳолда 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Мавзуга оид