Байрам ва таътиллардан кейин ишга қайтишга қийналмаслик учун қандай дам олиш керак?
Ишга тетик қайтиш учун байрам ва таътилларда нима қилиш ва нима қилмаслик кераклигига доир маълумотлар "Лайфхакер" нашрида тақдим этилди.
Ишингизга қарама-қарши бўлган ҳордиқ турини танланг
Ҳар куни қўлламайдиган ресурсларингизни ишга солинг. Агар кун бўйи офисда ўтириб ишласангиз, яқинларингиз билан бирга тоққа чиқинг ёки дўстларингиз билан учрашиб, бирор ерга боринг. Аксинча, одамлар билан кўп мулоқот қилишга тўғри келадиган касб эгалари сокин шароитда китоб мутолаа қилишлари мумкин бўлади.
Ўзингизга дам олишга имкон беринг
Албатта, барча зиёфатлар ва дўстлар билан учрашувлардан қолгингиз келмайди, бунинг устига қариндош-уруғларни зиёрат қилиш керак. Бироқ буларнинг барини бир вақтда амалга оширишга ҳожат йўқ. Ўзингизни кўп уринтириб қўйманг, дам олиш учун имкон яратинг.
Суҳбатларда ёқимсиз мавзуларни четлаб ўтинг
Ички ва ташқи сиёсат, аҳолининг алоҳида гуруҳлари камситилиши масалаларини астойидил муҳокама қилишга киришманг — кучли баҳсларни келтириб чиқариш билан боғлиқ барча нарсалар инсонда ёқимсиз асорат қолдиради. Стрессдан узоқ бўлиш учун ёқимли мавзуларда суҳбат қуринг.
Кўпроқ ҳаракатланинг
Бутун таътил давомида диванда ётиб, телевизор кўриш ҳам тўғри бўлмайди. Жисмоний фаоллик хурсандчилик гормони ҳисобланган эндорфин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Шу боис ҳатто оддий сайр ҳам ўзингизни янада бахтли ва тетик ҳис қилишингизга ёрдам беради.
Спиртли ичимликлар истеъмолидан сақланинг
Байрам ва таътилларда баъзилар спиртли ичимликлардан истеъмол қилиб, бироз дам оламан деб ўйлайди. Бироқ бунга берилиш салбий оқибатларга олиб келади. Биринчидан, алкоголь стрессни кучайтиради. Иккинчидан, спиртли ичимликлар истеъмоли организмни қаттиқ ҳолдан тойдиради.
Кўп овқат еманг
Кўп овқатланиш чарчаш ва уйқу каби ҳолатларни келтириб чиқаради, зеро организм овқат ҳазм қилиш учун энергия сарф қилади. Бир кунгина байрам қилиш мумкин, лекин бутун таътил давомида дастурхон атрофидан узоқлашмаслик яхшиликка олиб келмайди.
Тўйиб ухланг
Имкон қадар эрта тонгга ҳеч нимани режа қилманг. Мия фаолияти учун тўйиб ухлаш муҳим аҳамиятга эга. Агар иш вақтлари эрта туришга мажбур бўлсангиз, таътилда тўйиб ухлашга ҳаракат қилинг.
Режимга риоя қилинг
"Ва ниҳоят эрталабга яқин ухлаш ва кеч туриш мумкин", деб ўйлайдиганлар ҳам талайгина. Бироқ бундай қилиш тавсия қилинмайди. Қишнинг шундоқ ҳам қисқа ёруғлик қисмида тетик бўлган маъқул, энг яхшиси — шу вақт кесимини кўчада ўтказиш. Доимий қоронғулик уйқуни келтириб чиқарувчи мелатонин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Ёруғлик йўқлиги натижасида серотонин миқдори камаяди. Хурсандчилик гормонисиз маъюслашиб борасиз, шу билан бирга, депрессия хавфи ҳам ошади.
Уй ишларингизни тўғри тақсимланг
Идиш-товоқлар ёки полларни ювиш керак, албатта. Бироқ таъмирлаш ёки ҳашар кабиларни бошқа вақтга кўчирган маъқул. Йил бўйи байрам таътилларини гулқоғозларни янгилаш ёки ҳашар билан ўтказганингизни эслаш у қадар қувонч бахш этмаса керак.
Кўнгилочар дастурни режалаштиринг
Қаерга боришни ўйлаб ўтиришга тўғри келмаслик учун кўнгилочар дастурни олдиндан режалаштиринг. Бироқ жадвални ҳаддан ташқари тирбанд қилиб қўйманг. Режалаштирилмаган қарорларни амалга ошириш ва шунчаки дам олиш учун ҳам кун қолдиринг.
Янги нарсалар билан танишинг
Нотаниш, янги нарсага дуч келганингизда организмингизда хурсандчилик гормони, яъни организмни "мукофотлаш тизими"нинг бир қисми ҳисобланган дофамин ишлаб чиқарилади. Бироқ тажрибаларнинг кўрсатишича, мутлақо номаълум бўлган нарсани излаш керак, чунки унутилган эски нарсалар ёки янги, лекин эскисига бироз ўхшаш бўлган нарсалар кучли гормонал таъсирга эга бўлмайди.
Мавзуга оид
15:53 / 07.11.2024
Япония ва Полшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
11:30 / 31.10.2024
Уч ҳудудда фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
07:50 / 26.10.2024
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 5,1 млн сўмдан ошди
10:20 / 21.10.2024