“Фаластин давлати тузилиши кун тартибига қайтмоқда” — Фарҳод Каримов
Минтақа давлатлари АҚШ олдига Фаластин давлатини тузиш масаласини кўндаланг қўйяпти. Араб давлатлари шунчаки бошқа бир векторга оғса ҳам, бу АҚШ учун катта йўқотиш бўлади. Ҳозир Исроилни Ғазо бўйича сулҳга кўндириш Америка учун асосий масалага айланган, дейди Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ғазодаги уруш бошланганидан бери бешинчи марта Яқин Шарққа борди. Унинг Миср, Қатар, Саудия Арабистони ва Ғарбий Соҳилга ташрифлари сулҳга қаратилган жиддий қадам деб баҳоланяпти.
Бундан ташқари, Вашингтоннинг Ғарбий соҳилда зўравонлик қилган яҳудий кўчкиндиларга қарши санкциялар жорий этиши АҚШ–Исроил муносабатларида янги ўлчов белгилаши ҳам мумкин. Санкциялар ортидан, куни кеча АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Исроилга 17,6 млрд долларлик ёрдам пакети тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад қилди.
Kun.uz мухбири Яқин Шарқдаги сўнгги муҳим геосиёсий жараёнларни таҳлил қилиш учун ушбу минтақа бўйича эксперт Фарҳод Каримовга юзланди.
Унинг сўзларига кўра, Блинкеннинг бу ташрифига асосий сабаб – кескинликни камайтириш, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Исроилни музокаралар столига ўтқазиш.
“Қатар, Миср, Исроил, АҚШ вакиллари Парижда учрашиб айни масалалар муҳокама қилинди. Аввалига 4, кейин эса 4,5 ой дейилган оташкесимни муҳокама қилиш учун дастлаб Миср ва Исроил вакиллари музокарага киришди, лекин Исроил томони фақатгина вақтинчалик тўхтатишни айтиб, кейин ҳужумларни фаоллаштиришни билдирди. Минтақа давлатлари ва АҚШ эса шу асирлар алмашиш, хотин-қизлар, болаларнинг хавфсизлиги таъминланишига мўлжалланган оташкесимдан сўнг бутунлай сулҳ тузиш масаласини қўйган эди. Исроил норози бўлаётгани учун Блинкен ташриф буюрди. Нетаняҳу билан учрашувдан олдин Саудия валиаҳди билан учрашди, Қатар ва Мисрда бўлди, Рамаллоҳда Маҳмуд Аббос билан учрашди. Ҳозирги кун тартибидаги масала – Исроилни кўндириш.
Politics нашрининг ёзишича, Байден Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқоти чоғида жуда асабийлашган ва мулоқотдан кейин Нетаняҳуни “ёмон йигит” деб атаган. Бу кетишда АҚШ бутун дунёга қарши бўлиб қолади, унинг стратегик мағлубиятига олиб келиши мумкин. Шу сабаб ҳам Байден Нетаняҳуга тинчлик сулҳи ҳақида гапирган, лекин Нетаняҳу ҲАМАСни охиригача қиришни, тинч аҳоли яшаб турган Рафаҳга ҳам ҳужум қилишини айтган. Агар Рафаҳга ҳужум бўлса, бутун дунё, шунингдек, ЕИ ҳам Исроилга қарши чиқади, ЕИ депутатлари бу ҳақда огоҳлантирган ҳам”, – дейди Фарҳод Каримов.
— АҚШ Фаластин ғарбий соҳилидаги бир қатор яҳудий кўчкиндиларга қарши санкциялар жорий қилди. Бу мустақил Фаластин келажаги учун бир қадамми?
— Тарихда биринчи марта АҚШ Исроил фуқароларига санкция қўллади, яъни Фаластин ҳудудига жойлашиб олган яҳудийларга. Блинкеннинг ташриф давомида биринчи бўлиб араб давлатларига ташриф буюришида ҳам катта маъно бор. Уларнинг позициясини эшитмоқчи. Париждаги учрашувларда ҳам Миср, Қатар, Саудия биз бошқа мусулмон давлатлари орасида маломатга қоляпмиз, шу кетиш бўлаверса, биз ҳам ўз позицияларимизни қатъий билдирамиз деган огоҳлантириш берган. Айнан шулар АҚШни ташвишга солди ва Блинкен келди.
Араб давлатлари айтяптики, Фаластин давлатини тузиш масаласи кун тартибидан тушмайди деяпти. Нетаняҳу эса буни истамайди, Рафаҳгача боришини айтиши ўзи чегарадан чиқиб кетганини билдиради. Минтақа давлатлари ҳам АҚШга кўндаланг масалани қўйиб, ечишни сўраяпти, бўлмаса тийиб турилган таъсир механизмларни очиб юборамиз, деяпти.
Нетаняҳу ҳукумати охиригача бормоқчи. Қолаверса, АҚШда сайловлар яқин, америкаликлар ҳам урушдан чарчаганини билдиряпти. АҚШ халқаро ҳамжамиятда яккаланиб қолмаслик, сайловларни яхши ўтказиш учун ҳам урушни тўхтатиши керак. Агар шунда ҳам АҚШ урушни тўхтатолмаса, бошқа режага ўтиши мумкин.
2020 йилдаги келишувларга кўра араб давлатлари ҲАМАСга ёрдам бермаслиги, фақат Фаластин масаласининг ўзи қолиши керак эди. Аммо бугунги жараёнларда Исроил мустақил Фаластин масаласини ҳам кун тартибидан чиқаришга уриняпти. АҚШ энди глобал статусини сақлаш, Яқин Шарқда мавжудлиги юзасидан ҳам Исроилни тийиши керак бўлади. Бўлмаса, минтақа давлатлари бутунлай бошқа томонга геосиёсий йўналиш олишади. Шу сабабли ҳам АҚШ давлат котиби тез-тез келяпти, керак бўлса, бу яна давом этади.
— АҚШда Исроилнинг ҳаракатларига нисбатан эскича ёндашувини қайта кўриб чиқиш элементлари борми?
— Бир нарсага эътибор қилиш керак: АҚШ ва Исроил давлатлари бор, у ерлардаги ҳукуматлар бор. Ҳукуматларни алмаштириш, нейтраллаштириш масаласи кун тартибига чиқиши мумкин, лекин давлатга бўлган муносабат ўзгармайди. АҚШ томонидан шакллантириб бўлинган бундай сиёсат.
Фаластин мустақиллиги масаласини кун тартибидан олиб ҳам бўлмайди. Чунки минтақа давлатлари олдингидек кучсиз давлатлар эмас, улар билан ҳисоблашишга тўғри келяпти. Саудия, Туркия, Миср, бошқа Форс кўрфази давлатлари бор. Улар шунчаки бошқа бир векторга оғса ҳам, бу жуда катта йўқотиш бўлади, айниқса, бугунги кунда Хитой омили бор, глобал жануб шаклланяпти. Олдин минтақа давлатлари фақат АҚШга суянарди, энди бошқа кучларга ёндашиши, керак бўлса, мустақил геосиёсий ўйинчи бўлишни кўрсатяпти
Шу контекстга кўра, АҚШнинг минтақадаги сиёсати тактик ўзгаради. Яъни Фаластин масаласини кун тартибига чиқариб, давлат шакллантириб беришга уринади. Фақат Ғарбга кескин бормайдиган ҳукумат тузишга ҳаракат қилишади. ҲАМАСнинг бўлишини исташмайди, айтганимдек, 2020 йилда минтақа давлатлари ҳам бунга рози бўлган. Негаки, Форс кўрфази араб давлатлари ва Эрон рақобати омили ҳам бор. Чунки ҲАМАС суннийлар бўлса ҳам, Эронга қулоқ солувчи шиа ҳилолининг бир бўғини сифатида шаклланиб қолишидан қўрқишган. 2020 йилдаги келишувларга кўра, фақатгина ҲАМАСни сиқиб чиқаришга розилик берилган, лекин Исроил бутун Фаластинга таҳдид қиляпти. Шу фонда минтақа давлатлари шартномани энди биз ҳам бузамиз, деган сигнал бергач, АҚШ бу масалани ҳал қилишга уриняпти.
— Блинкеннинг бу ташрифидан нима кутиш мумкин, сезиларли бирор натижа бўладими?
— Катта натижалар бўлади, деёлмайман. Чунки Нетаняҳу ҳукумати қатъий туриб олган урушни давом эттирамиз деб. Шундай бир пайтда музокарадан натижа бўлиши қийин. Фақатгина АҚШ ёрдамни тўхтатса, араб давлатлари аралашиб, бирёқлик қилишади. Лекин ҳеч бўлмаганда, айтилаётган 3-4 ойлик оташкесимга эришилса, аёллар, болалар, қариялар олиб чиқилар эди. У жойлар том маънода дўзахга айланиб қолди. Очарчилик бошланган, касаллар, ярадорлар тўлиб кетган – умуман, жуда аянчли ҳолат. Шу сабабли ҳеч бўлмаса, шуларга ёрдам бериб, тинчроқ ҳудудга ўтказиш керак. Умид қиламизки, шу тарзда секин-секин тинчликкача ҳам борар.
Блинкеннинг Маҳмуд Аббос билан учрашуви ҳам умид бағишлайди: Ғазода Фаластин ҳукуматини ўрнатишга ёрдам берамиз, деётган бўлиши, шундай лойиҳалар бўлаётгандир. Умуман, Блинкен дастлаб Саудия, Қатар, Миср, Фаластин раҳбарлари билан учрашгани ҳам кўп нарсани билдиради. АҚШ минтақага фақатгина Исроил призмасидан қарамай, ёндашувлари ўзгаряпти.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:50
АҚШ Жанубий Кореяни ядро қуроли билан ҳимоя қилишга тайёр
08:56
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
08:50
АҚШ: КХДРнинг 8 мингга яқин аскари Украинада жанг қилишга тайёр
23:44 / 31.10.2024