Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Жанубий Кореяни ядро қуроли билан ҳимоя қилишга тайёр
АҚШ Жанубий Кореяни ҳимоя қилиш учун ҳар қандай воситадан, жумладан ядровий қуролдан фойдаланишга тайёр, деди Пентагон раҳбари жанубий кореялик ҳамкасбини қабул қилар экан. Ллойд Остин ва Ким Ён Хён Шимолий Корея аскарларини Россиядан олиб чиқиб кетишга чақирди.
Қўшма Штатлар Жанубий Кореяни ҳимоя қилишга тўлиқ содиқ ва бунинг учун ҳар қандай воситаларни, жумладан, ядровий қуролни ҳам қўллашга тайёр. Бу ҳақда 31 октябр, чоршанба куни Вашингтонда ўзининг жанубий кореялик ҳамкасби Ким Ён Хён билан қўшма матбуот анжуманида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, АҚШнинг тийиб туриш бўйича мажбурияти ўзгаришсиз қолмоқда. Улар «Америка мудофаа қобилиятининг тўлиқ спектри — оддий ракета тизимлари, ядровий ва илғор ядровий бўлмаган қуроллар билан қўллаб-қувватланади», деб тушунтирди Остин.
Шу билан бирга, Пентагон раҳбари Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳарбий машғулотлар қайта тикланишини эълон қилди, унинг сўзларига кўра, бу икки давлатнинг «жанговар тайёргарлигини сезиларли даражада кучайтиради».
Киев ва Сеул КХДРга қарши туриш учун алоқаларни фаоллаштирмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский жанубий кореялик ҳамкасби Юн Сок Ёл билан Киев ва Сеулнинг Россия томонида Украинадаги урушда Шимолий Корея қўшинларининг иштирок этиши кутилаётгани фонида телефон орқали мулоқот қилди. «Биз Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага бостириб киришига алоқадорлигини муҳокама қилдик, фақат битта хулоса бор – бу уруш халқаро тус олмоқда ва икки давлат чегарасидан ташқарига чиқмоқда», — деб ёзган Зеленский 29 октябр куни Telegramʼда.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у Жанубий Корея президентига «3 минг Шимолий Корея ҳарбийларини жанговар зонага яқин ҳудуддаги Россия полигонларига ўтказиш ва уларнинг сонининг тахминан 12 мингга кўпайиши кутилаётгани ҳақида янги маълумотларни тақдим этган».
«Биз разведка маълумотлари ва тажриба алмашишни кучайтириш, кескинлашувга жавобан ҳаракатлар стратегияси ва қарши чоралар рўйхатини ишлаб чиқиш, шунингдек, умумий ҳамкорларни жалб қилиш учун барча даражаларда, жумладан, энг юқори даражадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олдик», деди у. Зеленский ушбу келишувлар доирасида Киев ва Сеул яқин орада ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун делегациялар алмашишини қўшимча қилди.