Ўзбекистон | 13:03 / 20.05.2021
6931
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан тадбиркорлар учун навбатдаги қулайлик

Ўзбекистон миллий метрология институтида (ЎзММИ) ишбилармон ва тадбиркорлар учун яна бир муҳим қулайлик - Метрология хизмати ахборот тизими “E-METROLOGIYA” йўлга қўйилди. Тизим орқали барча турдаги ариза ва мурожаатларни онлайн тарзда тақдим этиш ва қисқа муддатда электрон шартнома тузиш имконияти яратилди.

Республика Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида яратилиб ишга туширилган ушбу тизим институтга қилинадиган мурожаатлар билан ишлашда қоғозбозликни кескин камайтириб, аҳоли ва ишбилармонлар доираси вакилларининг вақтини тежашга хизмат қилади.  

Эндиликда давлат хизматлари кўрсатишда метрология хизматининг ўзаро боғланган ахборот ресурслари комплекси (маълумотлар базаси) ни ифодалайдиган ва амалга оширилган ўлчашлар натижаларини кузатиб бориш мумкин бўлган ягона тизим яратилди.

Шунингдек, саноат тармоқларида фойдаланиладиган ўлчаш воситаларини калибрлаш ва қиёслаш бўйича онлайн ариза бериш ҳамда электрон сертификат тақдим этиш имконияти йўлга қўйилди. Натижада, метрология хизматининг ўзаро боғланган ахборот ресурслари комплекси ягона маълумотлар базаси яратилиб, фаолият давомида ҳисоб-китоб ишларини юритишни осонлаштириш, инсон омилини қисқартириш, маълумотларнинг аниқлиги, тўлиқлиги, ишончлилиги ва тезкорлигини таъминлашга эришилди. Фойдаланувчилар учун қулай интерфейсга эга бўлиб, барча маълумотлар қулай ва тушунарли кўринишларда берилиши ва ишончли сақланиши таъминланди.

Мурожаат қилувчилар тизимнинг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланишлари учун рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет орқали ишлаши лозим. Рўйхатдан ўтиш соддалаштирилган тартибда жорий қилинган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхатдан ўтиш жараёни 3 босқичда бўлиб, шахсий электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали мобил телефон рақам киритилади ва телефон рақамига юборилган тасдиқлаш коди тизимга ёзилади. Шундан сўнг, пастки қисмда аризачи электрон почта манзили тўлдирилади ва рўйхатдан ўтиш жараёни тугайди.

Шартномалар тузиш жараёнлари ҳам содда кўринишга эга бўлиб, фойдаланувчига тушунарли тарзда яратилган. Мурожаат қабул қилиниб шартнома тузилгандан сўнг энг кўпи билан 15 иш кунида барча хизматлар кўрсатилади ва электрон гувоҳнома (сертификат) тақдим этилади.

Ўзбекистон миллий метрология институти жамоаси 20 май — Бутунжаҳон метрология куни билан барча соҳа ходимларини муборакбод этади

Ўзбекистон миллий метрология институти Матбуот хизмати

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов