Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада аёл эрини ургани учун оилавий зўравонликда айбланди
Фарзандларини айлантириб келиш мақсадида кўчага чиққан эр-хотин санъат саройи ёки савдо мажмуасига бориш масаласида тортишиб қолган. Орадан 2 кун ўтиб жанжал яна давом этган: аёл эрига нисбатан оилавий зўравонлик қилиб, қўли билан урган ҳолда унга тан жароҳати етказган. Суд аёлни жиноий жазога тортди.
Сунъий интеллект яратган сурат
Фарғона шаҳрида эрини урган аёл жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, 1999 йилда туғилган М.А. 2026 йил 20 феврал куни турмуш ўртоғи М.С. билан оилавий келишмовчилик сабаб ўзаро жанжаллашган. Аёл жанжал пайтида эрини қўли билан уриб, қасддан тан жароҳати етказган ҳамда унга нисбатан оилавий зўравонлик қилган.
Аёл судда айбига иқрорлик билдирган. У кўрсатмасида ўзаро жанжал пайтида ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, эрини туртиб юборганини айтган.
“2026 йил 18 феврал куни фарзандларимизни айлантириб келиш учун кўчага чиқдик. Мен санъат саройига, турмуш ўртоғим савдо мажмуасига боришни айтди. Жаҳлим чиқиб, у билан жанжаллашиб кетдим. У эса уйга кириб кетди. Қўрқиб, отамнинг уйига кетиб юбордим”, деган аёл.
Орадан 2 кун ўтиб М.А. турмуш ўртоғининг уйига қайтган ҳамда эр-хотин ўртасида яна жанжал чиққан.
“Мени урмоқчи бўлганида ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида қўлим билан туртиб юбордим. Ҳозирда ҳаракатларим ноқонуний эканини тушуниб етдим”, деган М.А.
Жабрланувчи эркак эса аёлини кечирмаслигини айтиб, суддан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
ЖИБ Фарғона шаҳар суди ҳукми билан М.А. Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий зўравонлик) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга БҲМнинг 20 баравари (8 млн 240 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Жабрланувчи эркакка даволаниши учун кетган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Мавзуга оид
09:58 / 08.04.2026
Хоразмда ҳайкални ўпган аёл жаримага тортилди
12:41 / 16.03.2026
Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ аёл 40 ёшдан кейин она бўлган
12:01 / 06.03.2026
Туркияда ўзбекистонлик яна бир аёлнинг жасади топилди
19:11 / 02.03.2026