Ўзбекистон | 09:16 / 09.02.2022
4113
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидия бериш ахборот тизими жорий қилинади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидия бериш ахборот тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидия ажратиш жараёнларини автоматлаштиришга қаратилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш” ахборот тизими ишлаб чиқилган ва ишга туширилган.

Қуйидагилар “Агросубсидия” АТнинг асосий вазифалари этиб ҳисобланади:

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари (талабгорлар) учун cубсидия ажратишнинг барча жараёнларини, жумладан аризаларни қабул қилишдан тортиб субсидия маблағларини ажратишгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон шаклда амалга оширилишини таъминлаш, бунда қоғоз кўринишидаги ҳужжат алмашувидан воз кечиш;
  • талабгорларни субсидия ажратиш тўғрисидаги аризаларини ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш ва ижро этиш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш ҳамда аризаларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида тақдим этилаётган субсидиялар тўғрисида очиқ ва шаффоф статистик маълумотларни шакллантириш ҳамда уларнинг ягона электрон архивини шакллантириш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Агросубсидия” АТ ни самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий такомиллаштириб боришга масъул ваколатли орган этиб белгиланади.

2022 йилнинг 1 мартидан бошлаб:

  • талабгорлар томонидан пахта, донли экинлар, сабзавот экинлари ва картошка, полиз экинлари ва озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар, мевали экинлар, хўраки узум маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидияларни олиш учун аризалар “Агросубсидия” АТ орқали юборилади;
  • талабгорлар томонидан юқорида кўрсатилган турдаги субсидияларни олиш учун юборган аризалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман, вилоят ва республика ишчи гуруҳлари томонидан “Агросубсидия” АТ орқали қабул қилинади, кўриб чиқилади ва ижро этилади;
  • ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилган ва ижобий хулоса берилган талабгорларнинг аризалари автоматлаштирилган ҳолда “Агросубсидия” АТ орқали Молия вазирлигига тақдим этилади ва ўрнатилган тартибда молиялаштирилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид