Сунъий гиёҳванд моддаларни аниқлаш ва нанотехнология. Ион-плазма ва лазер технологиялари институти нималар билан шуғулланади?
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил сўнгида Олий Мажлисга мурожаатномада 2021 йил фан ва таълимда физика ва чет тилларини устувор йўналишлар сифатида белгилаган эди.
Ўзбекистонда физикани ривожлантириш ва уни кейинги босқичга кўтариш учун илмий мактаблар, моддий-техник база ва кадрлар етарлими? Шу каби саволларга жавоб излаб, физика йўналишида энг йирик муассасалардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти фаолияти билан яқиндан танишдик.
Ион-плазма ва лазер технологиялари институти 2017 йил қайта ташкил этилган бўлиб, институтнинг асосий йўналишлари материалшунослик, физикавий электроника, ион-плазма жараёнлари, лазер технологиялари, оптика, иссиқлик физикаси ва юзадаги жараёнларни ўрганишдан иборат.
Институт мисолида, физика йўналишида тадқиқотлар олиб бориш учун инфратузилма, фаннинг саноат тармоқлари билан амалий ҳамкорлиги, ўзбек фанида истиқболли йўналишларга ёндашув, илмий мактаблар яратилиши ва чет элда илм билан машғул бўлган ватандошларни ўзбек фанига жалб қилиш билан яқиндан танишамиз.
Инфратузилма
Ҳукумат қарори асосида 2017-2020 йилларда институт биноси тўлиқ капитал таъмирланди. Замонавий илмий асбоблар харид қилиш учун 2,8 млн АҚШ доллари ажратилган бўлиб, бугунги кунгача 2,5 млн долларлик асбоб-ускуна харид қилинди.
Институтда замонавий аналитик қурилмалар парки шаклланган ва кўп қурилмалар Ўзбекистонда ягона бўлгани сабабли институт қошида ушбу қурилмаларни жалб қилган ҳолда “Жамоавий фойдаланиш маркази” ташкил этилган.
Институтнинг етакчи олимларидан бири профессор Владимир Родштейн муассасадаги замонавий аналитик қурилмалар фаолияти билан таништирди.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги 366-сонли қарорига биноан Ион-плазма ва лазер технологиялари институти қошида институтнинг илмий қурилмалардан жамоавий фойдаланиш маркази ташкил қилинди. Ундан мақсад Фанлар академияси ва Олий таълим муассасаларининг юқори технологик, илмий аналитик қурилмаларда тадқиқот ўтказишга бўлган талабини қондиришдан иборат эди.
Масалан, “Эйжилент” компаниясига тегишли газ хроматографида институтда олинган кунлик намуналар таҳлил қилинади. Шунингдек, бошқа ташкилотлардан ҳам таҳлил учун буюртмалар оламиз.
Марказнинг кўп сонли қурилмаларидан яна бири бу индуктив боғланган плазмали оптик эмиссион спектрометр. Ушбу қурилмада бир вақтнинг ўзида Менделеев даврий жадвалидаги 73 та моддани аниқласа бўлади. Қурилманинг сезгирлиги ўта юқори бўлиб, бир миллиард атом ичида бўлган бир дона бегона атомни ҳам аниқлай олади”.
Саноат тармоқлари билан ҳамкорлик
Институтда саноат сектори билан хўжалик шартномалари асосида амалий ҳамкорлик орқали бюджетдан ташқари маблағни жалб қилиш йўлга қўйилган. Ион-плазма технологиялари лабораторияси мутахассиси катта илмий ходим Рустам Ашуров Навоий тоғ-металлургия комбинати билан биргаликда олиб борилаётган қўшма лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
“Навоий ТМКнинг уран ишлаб чиқариш бўлими ўз асосий маҳсулотидан ташқари перренат амония ҳам олади. Бу маҳсулот Ўзбекистондан экспорт қилинади. Экспорт нархи 450-660 доллар/кг.га баҳоланади.
Ўзбекистонда перренат амониядан металлургик рений олиш имконияти мавжуд бўлса-да, бу технология яратилмаган эди. Биз илк маротаба металлургик ренийни водород плазмаси муҳитида синтез қилиш конструкцияси ва технологиясини ишлаб чиқдик ҳамда яқин орада буюртмачига топширамиз. Бугунги кунда металлургик ренийнинг аҳамиятига тўхталсак, фазога кўтариладиган бирорта ракета таркибида металлургик рений бўлмаган материалларсиз уча олмайди.
Технология натижасида Навоий ТМКда қазиб олинаётган ва килограмми 450-660 доллардан сотилаётган маҳсулот перренат амониядан кг.и 1.5-2 минг доллар бўлган металлургик рений олиш мумкин бўлади”, дейди тадқиқотчи олим.
Шунингдек, физика-математика фанлари номзоди, лаборатория мудири Саида Исҳоқова сунъий гиёҳванд моддаларни аниқлаш ва уларнинг кириб келишига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот берди.
“Ҳозирги пайтда гиёҳванд ва гангитувчи моддаларнинг ноқонуний айланиши мамлакатларнинг хавфсизлиги ҳамда жамият барқарорлигини бузадиган асосий омиллардан ҳисобланади. Ноқонуний айланишда бўлган оғир гиёҳванд моддалар морфин, героин ва бошқалар ўрнига арзон сунъий гиёҳванд моддалар бутун дунё бўйича кириб келди ва янги психофаол моддалар деб атала бошланди.
Уларни тўхтатиб туриш иложи йўқ, чунки бу янги гиёҳванд моддалар сунъий бўлгани учун уларнинг кимёвий структураси жуда содда. Наркобозорга кириб борган моддалар ўша ерда тақиққа учрагани заҳоти таркиби бироз ўзгартирилиб, янги ном билан кириб бормоқда. Бу нарса Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонга бу моддаларнинг 20дан ортиқ хили кириб келди.
Лабораториямиз олимлари шу гиёҳванд моддаларни психотроп дори воситаларини юқори сезгирликда тезкор аниқлайдиган услуб яратди ва шу асосда ишлайдиган термодесорбцион сиртли ионлашув спектрометрини ишлаб чиқди.
Мусодара қилинган моддалар суюқлик кўринишида микрошприц орқали махсус приборимиз - “искович” аппарати буғлаткичига бир миллилитр томизилади. Ундан ҳаво орқали детекторга етиб бориб ионга айланади ва моддаларнинг спектри махсус дастурда кўринади. Тегишлилиги айтилаётган моддалар борлиги дастурда кўринган босимга кўра аниқланади. Масалан, морфий 180 даражада чиқади, психофаол моддалар эса 200дан ошиқ даражада кўринади”, дейди олима Саида Исҳоқова.
“Ҳозирги вақтда бутун дунёда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сақлаш ва тиғиз вақтларда истеъмолчига етказиш долзарб муаммо. Шундан келиб чиқиб, институтимизда ҳам оқувчан аккумуляторлар устида лойиҳалар олиб борилмоқда. Унинг ўзига хослиги электр энергияни суюқ ҳолатда сақлайди. Бу аккумуляторлардан қуёш ва шамол электр станциялари учун фойдаланса бўлади. Бундан ташқари, тиғиз вақтда истеъмолчиларга электр энергия талаби ошганда балансни ушлаб туришда кенг қўлланса бўлади”, дея ўзи шуғулланаётган лойиҳа ҳақида тушунтириш берди институт кичик илмий ходими Шуҳрат Искандаров.
Институтнинг келажак стратегияси
Институтда физикани кейинги босқичга кўтариш қандай тасаввур қилинади? Бунинг учун шароитлар мавжудми ва бугун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Институт катта илмий ходими Рустам Ашуров ҳали Ўзбекистонда муқобили йўқ махсус лаборатория ҳақида маълумот берди.
“Бугун замонавий фанга қаралса, асосан функционал наноматериаллар, 2-D материаллар ва бошқа структураларга эга бўлган материалларни синтез қилишга урғу бериляпти. Асосий илмий хайп ҳам ўша соҳаларга қаратилган. Хўш, Ўзбекистонда биз келажак деб қараётган соҳаларда қандайдир ишлар қилиняптими?
Аввало, бу йўналишларда тадқиқот олиб бориш учун илмий салоҳият ва қурилмалардан ташқари ўзига хос шароит ҳам талаб этилади.
Ўзбекистонда илк маротаба нанозарраларни бошқарилувчи синтез қиладиган, яъни атомлардан қаватма-қават структура ўстирадиган аппаратни харид қиляпмиз. Бундай тадқиқотлар учун R-1000 классдаги cleenroom шакллантирилди. Уни шу даражада ушлаб туриш учун юқори қаватларда ўзига хос инфраструктуралари жойлашган.
Тахминан 1,6 млн долларга харид қилинаётган ўстирувчи кластер эса cleenroom’га жойланади ва унинг ёрдамида наноструктуралар, 2-D материаллар ва бошқа мураккаб структураларни олишимиз мумкин. Бунинг натижасида бир неча грамми минг доллар бўлган моддалар олишимиз ва бошқа шу каби лойиҳалар билан шуғулланишимиз мумкин бўлади”.
Ватандошларни илмий ҳамкорликка жалб этиш
Ўзбекистонда узоқ вақт илм-фанга нисбатан бўлган эътиборсизлик туфайли кўплаб ватандошларимиз ўз илмий-карерасини чет эл илмий марказларида қуришди. Бугунда дунёда таниқли бўлган нуфузли олимлар ичида ватандошларимиз кўп эканлиги қувонарли, албатта.
Аммо уларни Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш ва замонавий илмий мактаблар ташкил қилиш жараёнига қайта жалб қила олиш осон эмас. Бугун уларни қизиқтира оладиган таклифлар ва замонавий илм-фан билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар бўлиши керак.
Йигитали Маҳмудов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов
Мавзуга оид
08:11 / 16.10.2021
Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази ташкил этилади
19:27 / 27.11.2019
Ботаника, Зоология институтларига ҳамда Ботаника боғига автомашиналар топширилди
15:47 / 05.08.2019
Гараждаги стартап: Нанотехнология кучини инновацияга айлантираётган лаборатория
22:25 / 31.07.2019