Дунёдаги энг йирик интернет дўкон ─ Amazon, мультипликацион маҳсулотлари билан бутун дунё болалари қалбини забт этган ─ Disney, бир кунда миллионлаб одамлар фойдаланадиган қидирув тизими ─ Google ва нанотехнологияни инновацияга айлантираётган ─ Lotus engineering. Уларни нима боғлаб туришини биласизми? Уларнинг барчаси ўз фаолиятини оддийгина гаражда бошлаган. Amazon, Disney ва Google аллақачон муваффақиятга эришган. Lotus engineering ҳам ҳали ўз йўли аввалида бўлишига қарамай, фойдали лойиҳаларни амалга оширишга улгурди.
Lotus engineering ─ Европанинг қай бир бурчагида эмас, ўзимизнинг Тошкентда жойлашган лабораториянинг номи. У шунчаки оддий тажрибалар ўтказиладиган лаборатория эмас. У ерда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун ҳам ҳали янги бўлган йўналиш ─ нанотехнология кучидан фойдаланган ҳолда инновациялар яратилади. Энг қизиғи, у қачонлардир машина тузатишга хизмат қилган оддий гаражда жойлашган.


Lotus engineering лойиҳаси раҳбари Амир Обидов илғор материалшунослик ва инжиниринг доктори, профессор. Жанубий Кореяда магистратура ва докторантурада таҳсил олиб, илмий ишини ёқлаган ёш олим Ўзбекистонга қайтгач, илмий фаолиятни янгича йўсинда давом эттириш ҳақида ўйлай бошлайди.
─ Автомобилсозлик институтида бакалавр босқичини ўқиганим учун гаражим бўларди, машинага қизиқардим, машина тузатардим. Қарасам, гаражим бўш турибди. Ичида ҳамма керакли нарсалар бор. Шу ерда лаборатория очиш фикри туғилди. Инновацион ривожланиш вазирлигига мурожаат қилдим, туман ҳокимлиги билан биргаликда лабораторияни очишда ёрдам кўрсатишди. Ҳозир бу ерда нанотехнологиялардан фойдаланган ҳолда қизиқарли ва фойдали лойиҳаларни амалга оширяпмиз, ─ дейди Амир Обидов.

Ёш олимнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистондаги илмий тадқиқот институтлари ҳам нанотехнология билан шуғулланади, лекин асосий мақсад нанотехнологиядан инновация ярата олиш бўлиши керак.





















