Жаҳон | 20:37 / 30.05.2021
48447
17 дақиқада ўқилади

Турк мафиози жонли бомбами: у YouTube’да эълон қилган шов-шувли видеоларда нималар ҳақида сўз боради?

Уюшган жиноий ташкилот тузгани учун қидирувда бўлган ва айни пайтда чет элда яшаётган Седат Пекер исмли шахс YouTube юлдузига айланди. Унинг бир қатор турк сиёсатчилари ва ишбилармонлари нишонга олинган, уларга қарши жиддий айбловлар илгари сурилган видеолари турк ва хориж матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда. Пекернинг видеоларини миллионлаб одамлар турли платформалар орқали томоша қилмоқда.

Sedat Peker / Youtube

Айни пайтда ҳукмрон партия ичида «улкан инқироз» сифатида ифода этилаётган ушбу масаланинг бошланғич нуқтаси ва у қаергача бориши мумкинлиги борасида турлича фикрлар янграмоқда.

Хўш, Пекернинг видеолари эълон қилинган пайтдан бошлаб айни кунга қадар нималар содир бўлди?

Седат Пекер ким?

1990-йиллардан бери «мафия операциялари»нинг энг муҳим номларидан бири бўлган Седат Пекер муқаддам уюшган жиноятчилик ташкилоти етакчиси сифатида судланган ва 2014 йилда қамоқдан чиққан.

У 1997 йил Ризеда контрабандачи эканлиги айтилган Абдулла Тўпчини ўлдиришда айбланади ва судда оқланади. Бироқ у билан бирга судланган икки киши Тўпчини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Пекер Руминияга қочиб кетади, аммо ушбу барча айбловлар бўйича очилган тергов натижасида у 1998 йилнинг августида Туркияга келтирилади. Кўплаб жиноятлар учун унга қарши ўтказилган суд жараёнларидан сўнг 1999 йил май ойида озод қилинади. Ушбу давр мобайнида у саккиз ой қамоқда бўлади.

Пекер 2000-йиллар бошларида уюшган жиноятчилик ташкилотларига қарши олиб борилган кенг кўламли операциялар натижасида 2005 йил 12 мартда Истанбулнинг Контрабанда ва уюшган жиноятчилик бўлими томонидан олиб борилган «Капалак» операциясида ҳибсга олинади.

Суд иши 2007 йил 31 январда якунланиб, Пекер 14 йил 5 ой 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. «Қуролли террористик ташкилот тузиш»да айбланган яна бир ишда Пекер бир йил-у уч ойлик қамоқ жазосига, Эргенекон иши бўйича 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

2014 йил 10 мартда махсус ваколатли судлар ёпилиб, қамоқда сақлаш муддати 10 йилдан 5 йилгача қисқартирилгандан сўнг, Эргенекон иши бўйича судланувчиларни озод қилиш тўғрисидаги буйруқлар жиноий ишлар бўйича юқори судлар томонидан бирин-кетин бекор қилинади.

Бу доирада Шарқий Перинчек, Камол Керинчсиз ва Тунжай Ўзкан каби исмлар билан бир қаторда, гарчи унга ҳар хил жиноятларда ҳукм чиқарилган бўлса-да, Пекер ҳам озод қилинади.

2015 йил 1 ноябрдаги умумий сайловлар олдидан Пекер октябрь ойида Ризе шаҳрида «Терроризмга лаънат» шиори остида йиғилган одамлар қаршисида нутқ қилади. Унинг «дарё-дарё қон тўкамиз» деган гапи реакцияларга сабаб бўлади.

2016 йил бошида комендантлик соати ва зўравонликни тугатиш учун «Биз бу жиноятнинг иштирокчиси бўлмаймиз» деган баёнот билан чиққан Тинчлик академикларига Пекер «Дарё-дарё қонингизни тўкамиз ва қонингизда душ қабул қиламиз» деган гаплар билан таҳдид қилади.

Ушбу гапларга кўплаб мухолиф сиёсатчилар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва академиклар муносабат билдириши ортидан Пекерга қарши Истанбул Онадўли суди 20-жиноий инстанция судида даъво қўзғатилади. Бироқ суд жараёнида айтган гаплари «сўз эркинлиги» доирасида кўриб чиқилган Пекер яна оқланади.

Ускударда 2017 йил 15 июлдаги юбилейда қилган нутқида «Биз уларни қамоқхоналарда ҳам осамиз» деган сўзлари ортидан даъво очилган Пекер 2018 йилда бу даъводан ҳам қутулади.

Ўтган йили чет элга қочиб кетган деган айбловлар билан исми яна кун тартибига чиққан Пекер 2020 йилнинг февралида «жиноят содир этмаганлиги ва чет элга қочиб кетмаганлиги, университетда ўқиш учун бир неча ой давомида Болқонда бўлиши»ни маълум қилади.

Бир мунча вақт ўтгач, уюшган жиноятчилик ташкилоти тузишда айбланиб қамоқда ўтирган Алоуддин Чакичи амнистия асосида озод қилингач, у Чакичи нишонга олинган бир видеони тарқатади. Ўзаро таҳдидли баёнотлардан сўнг, иккала томон телефонлашади. Пекер бундан кейин улар энди бир-бирларига душман бўлмасликка ваъда беришганини айтади.

Ўша вақтларда эълон қилган видеоларидан бирида Ғазначилик ва молия вазири Берат Олбайроқ «Мени йўқ қилмоқчи», дейди ва унинг чет элга чиқиши учун сабаб бўлган нарса шу эканлигини айтади. Ушбу видеодан бир неча кун ўтгач, у Олбайроққа қарши гапларни бошқа инсонларнинг таъсири остида айтганини маълум қилади.

1990-йиллардан бери кўп марта тергов қилинган Пекер баъзи ишбилармон одамлар ва спортчилар билан ҳам ишбилармонлик алоқаларида бўлган. Пекер ушбу ишлардан орттирган пуллари билан баъзи ташкилотларга «ёрдам бергани»ни таъкидлайди. Ушбу ташкилотларнинг айримлари унга хайрсеварлик мукофотларини ҳам беришган.

Седат Пекер  қандай қилиб YouTube юлдузига айланди?

Седат Пекер чет элда эълон қилаётган видеоларида бир қатор даъволарни илгари сурмоқда. У 2 май куни ўзининг илк видеосини YouTube’даги каналига юклади.

Пекернинг 23 май куни энг кўп томоша қилинган еттинчи видеоси 15 миллион мартадан кўпроқ кўрилди. Бундан ташқари, у Тwitter’даги аккаунтига воқеалар ривожи билан боғлиқ постларни ҳам жойлаб бормоқда.

Пекер томонидан илгари сурилган айбловларда номи тилга олинган баъзи кишиларга қарши операциялар ташкил этилиб, уй ва иш жойларида тинтувлар ўтказилди. Бироқ айрим шахслар ва адвокатлар бирлашмалари, хусусан, Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ҳам Пекернинг баёнотлари билан боғлиқ турли жиноий аломатлар мавжудлигини айтди.  

Пекарнинг айбловлари ҳақида Сойлу нима деди?

Пекер ўзининг биринчи видеоларида унга апрель ойида Туркияга қайтиши мумкинлиги ҳақида ваъда берилганини айтиб, баъзи одамлар ва муассасалар ҳақидаги даъволарни илгари сурди.

Пекернинг видеоларига илк расмий муносабат Ички ишлар вазирлиги томонидан 9 май куни эълон қилинган ёзма баёнотда берилди. Мазкур баёнотда айбловлар «туҳмат» деб таърифланди ва бу айбловларга «хавфсизлик кучлари ва давлатга қарши янги уюшган жиноий фаолият сифатида қаралиши» таъкидланди.

Бироқ Пекер вазирлик ва Сойлунинг ушбу баёнотига жуда кескин жавоб қайтарди. Ушбу баёнотлардан сўнг суратга олган видеосида Сойлу ҳақида кўплаб даъволарни билдирди ва уни ҳақорат қилди. Пекер Сойлуни «У менинг Туркияга қайтиш чиптам эди» деб таърифлади ва агар унга қарши терговлар давом этгудек бўлса, бу ҳақда хабардор қилишга ваъда берганига ишора қилди.

Сойлу 19 май куни TRT Haber ва 24 май куни HaberTürk каналида Пекер даъволари билан боғлиқ саволларга жавоб берди. Сойлу Пекернинг айбловларини «бемаънилик» деб таърифлаб, унинг Туркияга қарши «операция уюштиргани»ни айтди.

Сойлу Пекерга ҳимоя бергани ҳақидаги айбловларни ҳам рад этди, бу ҳимоя унга олдинги даврларда берилгани ва у раҳбарлик қилаётган даврда қайтариб олинганини таъкидлади.

«Гарчи унинг даъво ва туҳматлари мутлақо бўш бўлса ҳам, у давлатни нишонга олмоқда. Гўё у ўз номидан Туркияга васийликни илгари сурмоқда ва деярли барчага «Жиловингиз менинг қўлимда», демоқда. …Туркия 17-25 декабрь, 6-7 октябрь ва 15 июль кунларидаги барча жараёнлар билан операция қилинмоқда. Туркиянинг бошига олиб келинмоқчи бўлган нарса ҳам айнан шудир», дейди Сойлу. У содир бўлган воқеалар туфайли истеъфога чиқмаслигини билдирди.

Миллий ҳаракат партияси раҳбари Давлат Боғчали Сойлуни қўллаб-қувватлади. У 25 май куни ўз партияси йиғилишида ички ишлар вазири ёлғиз эмаслигини таъкидлар экан, «Туркияни ижтимоий тармоқдаги туҳматлар билан қўлга киритиб бўлмаслиги, Туркиянинг кун тартиби видеоқайдлар билан гаровга олинмаслиги» ҳақида гапирди.

Ички ишлар вазири, шунингдек, Пекернинг видеолари билан боғлиқ «ҳақорат ва туҳмат» асосида жиноий иш қўзғатилганини ва ўзига қўйилган айбловлар текширилишини талаб қилди. Сойлунинг яна бир шикояти internethaber.com бошқарув кенгаши раиси Ҳади Ўзишик ва унинг укаси Сулаймон Ўзишик ҳақида бўлди.

Ўзишиклар бу масалага қандай қилиб аралашиб қолди?

Сойлуга қарши жиноий иш қўзғатган ака-ука Ўзишикларнинг масалага аралашуви улар Пекер ва ички ишлар вазири ўртасида «воситачилик» қилгани ҳақидаги иддаодан кейин бошланди.

Жумҳурият халқ партияси (СHP) гуруҳи раисининг ўринбосари Ўзгур Ўзел 18 май куни Halk TV’даги телевизион дастурида Ўзишиклардан Сойлунинг хабарларини Пекерга етказиб-етказишмаганини сўради.

Ҳади Ўзишик бу даъволар ёлғон эканини айтди. Шундан сўнг Пекер Ҳади Ўзишик билан Facetime’да ўтказган ва ёзиб олган икки суҳбатнинг қайдини Тwitter’да эълон қилди.

Пекер томонидан эълон қилинган биринчи видеода Ҳади Ўзишикнинг Сойлу билан учрашгани ва ушбу учрашувга доир диалогларни баён қилгани акс этади. Ҳади Ўзишик ҳам «икки севимли дўсти ўртасида қолгани»ни айтади.

Эълон қилинган иккинчи видеода эса Ҳади Ўзишик Пекернинг Youtube учун суратга олинган видеоcидан ўз исмини чиқариб ташлашни илтимос қилади ва «Сулаймон Бей билан учрашишга кетган Сулаймон Ўзишик», дейди. Ўзишик кейинчалик ўзининг Тwitter’даги саҳифаси орқали Сойлу ва жамоатчиликдан узр сўради.

Сойлу Ҳади ва Сулаймон Ўзишикка қарши «ҳақорат», «туҳмат қилиш» ва «ташкилот таркибидаги иерархик тузилишга мансуб бўлмагани ҳолда ташкилотга била туриб ёрдам бериш» айбловлари билан жиноий иш қўзғатди. 

Шундан сўнг ака-ука Ўзишикларнинг уйи ва уларга тегишли веб-сайтнинг офисида тинтув ўтказилди. Тинтув пайтида «телефон ва рақамли материаллар» мусодара қилинди.

Меҳмет Агарни қандай айбловлар кун тартибига олиб чиқди?

Пекернинг видеолари собиқ ички ишлар вазири Меҳмет Агар ҳам кун тартибига чиқишига сабаб бўлди.

Меҳмет Агар – 1996 йилда Сусурлук можаросидан кейин «мафия-сиёсат-давлат» учбурчагидаги мураккаб, аммо қоронғи муносабатлар ҳақидаги даъволар ва сириштирувлар марказида бўлган номдир.

Бир муддат «Тўғри йўл» партиясининг етакчиси бўлиб ишлаган Агар 2011 йилда «жиноий ташкилот бошқарувчиси» бўлганлик айблови билан беш йилга озодликдан маҳрум этилади  ва 1 йил-у 4 кун қамоқда ётгандан кейин шартли равишда озод қилинади.

Пекернинг даъволарида Агар озод бўлгач, бошқарув раиси бўлган Бодрум Яликавакдаги бир марина ҳам бор. Шунингдек, видеоларда Меҳмет Агарнинг ўғли – ҳозирда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АKP)нинг Истанбулдаги бўлими раҳбари ўринбосари бўлган Толга Агарнинг баъзи жиноятларга алоқадор экани, аммо улар яшириб келинаётгани ҳақида ҳам даъво қилинади.

Меҳмет Агар Пекернинг айбловларини рад этди. Sözcü газетасида эълон қилинган Сайги Ўзтурк билан кечган суҳбатда у ҳозирда дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслиги ҳамда ўзи билан боғлиқ исталган текширув давлат томонидан ўтказилиши мумкинлигини айтди.

«Бизни бу ердан узоқлаштириб, нима қилиниши аён: бу ерга мафия қулаши аниқ. Агар мафия бугун бу ерга кира олмаётган бўлса, бунинг сабаби бизнинг бу ерда эканлигимиздир», деди у Яликавакдаги маринани зўрлик билан эгаллаб олганликлари ҳақидаги даъволарга нисбатан.

Бироқ Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг бу гапларига муносабат билдириши ортидан у узр сўради ва ўзининг нотўғри ифода этганини билдирди.

Кутлу Адали ва Уғур Мумчининг ўлдирилиши нима учун яна кун тартибига қайтди?

Пекернинг 23 май куни эълон қилинган видеоларида кун тартибига келтирилган ва Агарнинг исми тилга олинган яна бир масала 1990-йилларда содир этилган иккита суиқасд билан боғлиқ.

Улардан биринчиси 1996 йил 6 июлда Шимолий Кипрда журналист ва ёзувчи Кутлу Адалининг ўлдирилишидир. Пекернинг таъкидлашича, Меҳмет Агар ундан Адалини ўлдириш учун ёлланма қотил талаб қилган.

Пекер шундан сўнг укаси Атилла Пекерни Кипрга юборганини, аммо ўша пайтдаги полициянинг бош директор маслаҳатчиси Коркут Экен билан учрашганда «бошқа бир гуруҳ Адалини ўлдиргани айтилгани»ни баён қилади.

Ушбу очиқламада исми тилга олинган Атилла Пекер 16 май якшанба куни ҳибсга олинди. Сойлу HaberTürk’даги баёнотида Атилла Пекернинг Адали қотиллиги юзасидан эмас, балки лицензиясиз қурол сақлангани тўғрисидаги хабар ортидан ҳибсга олинганини таъкидлади.

Седат Пекер томонидан кун тартибига олиб чиқилган иккинчи жиноят эса Уғур Мумчининг ўлдирилиши эди. Пекер суиқасддан кейин воқеа жойига биринчи бўлиб борган одам Меҳмет Агар эканлигини таъкидлайди.

Мумчининг рафиқаси Туркия Буюк Миллат Мажлиси раисининг собиқ ўринбосари Гулдал Мумчи ушбу масала бўйича маълумотга эга бўлган ҳар бир кишини сўзлашга ва охиригача боришга чақирди. «Ғиштларни суғуринг, девор қуласин, ким унинг остида қоладиган бўлса, қолаверсин», деди Мумчи.

Биноли Йилдирим ўз ўғли ҳақидаги айбловларга нима деб жавоб берди?

Пекернинг 23 май кунги видеосида илгари сурилган яна бир даъвога кўра, кокаин савдосининг йўли Колумбиядан Венесуэлага қайтган ва Адолат ва тараққиёт партияси (AKP)нинг вице-президенти, собиқ бош вазир Биноли Йилдиримнинг ўғли Эркам Йилдирим эса ушбу янги маршрутни Венесуэлада яратиш учун у ерга борган.

Видео эълон қилинганидан кўп ўтмай баёнот берган Биноли Йилдирим бу айбловларни рад этди. «Айбловлар мутлақо туҳматдир, уларни қатъиян рад этамиз. Биз ва гиёҳванд моддаларни ёнма-ён қўйиш туриб битган ҳақоратдир», деди у.

У ўғлининг 2020 йил декабрь ойида Венесуэлага борганини ва унинг ташрифидан мақсад ушбу мамлакатга коронавирус эпидемияси туфайли тест тўпламлари ва тиббий ниқобларни етказиш бўлганини айтди.

AKP’да инқироз борми, муаммо қанчалик катта?

АKP ҳам, МHP ҳам ушбу жараёнда иттифоққа боғлиқ қарорлар билан бир қаторда ҳар қандай қадам отишга қодир, деб ишонилмоқда.

«Ушбу воқеалар AKP ичида «Сиёсат юк кўтармайди», деб талқин этилмоқда. AKP ичида Эрдўған ҳали ҳаммасини тузатишига умид қилинмоқда», дейди ҳукумат расмийси.

Манбага кўра, «Сойлу ва Агар жамоасига ёрдам бўлса, AKP’нинг баллари камида 5-6 баллга камаяди. Аммо агар президент уларни оқласа, AKP қутулиб қолади ва вазиятдан талафотсиз чиқади».

Партиядаги яна бир манбага кўра, «Гарчи Пекер президентни тўғридан тўғри айбламаётган бўлса-да, коррупционерларни партия ичида сақлашда уни айбламоқда. Агар президент Сойлу ва Агар жамоасининг тарафини олса, бу иш партияда бўлинишни келтириб чиқаради. Бу – AKP учун жуда катта инқироз. Чунки Пекер – бу сизга қачон қайтиб келиши номаълум бўлган жонли бомбадир». 

Эрдўған қандай муносабат билдирди?

AKP парламент гуруҳи йиғилишида сўзга чиққан Эрдўған Пекернинг даъволаридан сўнг ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ва собиқ бош вазир Биноли Йилдиримни қўллаб-қувватлади.

«Биз 19 йил давомида қўлларидаги мавжуд бўлган барча имконларни олиб, жиноий ташкилотларни бирма-бир қулатдик. Туркияни қонундан бошқа усул амал қилмайдиган даражага олиб чиқдик. Террористик ташкилотларга қарши кураш олиб борган ички ишлар вазиримизнинг ёнида бўлдик ва ёнида бўламиз», деди у.

Мухолиф партиялар нима демоқда?

Мухолифат партиялари раҳбарлари Пекернинг даъволари юзасидан бошқарув инқирози рўй берганини таъкидламоқда ва прокурорларни ишлашга чақирмоқда.

CHP раҳбари Камол Қиличдарўғли Т24 веб-сайтига берган интервьюсида воқеалар ривожини «Давлатни бошқара олмаслик. Баъзи доираларга таслим бўлиш», деб баҳолади.

İYİ (Яхши) партиясининг раиси Мерал Акшенер «Қарор» газетасида «Айбловлар жуда даҳшатли. Ўртага чиққанлар эса бутунлай шармандалик. Бу бир-бирига боғлиқлик, айниқса, кокаин масаласи. Бир давлатнинг чуқури, саёзи бўлмайди», деди.

DEVA партиясининг раҳбари Али Бобожон ушбу воқеа 90-йилларни эслатиб юборганини айтди. «Буларнинг яна бир бор зоҳир бўлиши мамлакатимиз учун жуда ачинарли ҳолат», деди у.

Отабек Тиллаев тайёрлади.

Мавзуга оид