Жамият | 14:00 / 11.05.2021
38285
4 дақиқада ўқилади

«Дунёнинг бошқа жойида учрамайди» — Қорақалпоғистондаги машҳур абгор йўл

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги ўта абгор йўл тасвирлари тарқалди. A-380 йўлининг Қўнғирот тумани Қорақалпоғистон посёлкаси ҳудудидан ўтувчи қисми ҳақида хуноби чиққан туркиялик ҳайдовчилардан бири 90 км йўлни бир суткада босиб ўтгани, бу йўллардан ҳайвон ҳам юрмаслигини айтган.

Kun.uz мухбири ўша тасвирланган жойни ўз кўзи билан кўриш учун Қўнғиротдаги посёлкага йўл олди.

Нукусдан тахминан 500 км узоқликдаги ҳудудга етиб боришга қарийб 10 соат вақт кетди. Енгил машинада йўл олингани учун бирмунча тезроқ юрилди.

«Ҳайвон ҳам юрмайдиган йўл»нинг бошланишига кун ботай деганда етиб бордик. Бу йўл донғи кетган Жаслиқ қамоқхонасидан ҳам узоқда жойлашган экан. Йўлда на бир тирик жон, на бир сув ичиш учун жой бор. Қуруқ саҳро оралаб кетаверасиз, кетаверасиз...

Aбгор йўлнинг бошланиш қисмида Қўнғирот йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг ишчиларига дуч келдик. Улар йўлда жорий таъмирлаш ишларини олиб бораётган экан. Корхона ходими аввалига бизга маълумот беришдан бош тортди. Кейинроқ барибир мулоқотга рози бўлди.

Исми сир сақланишини сўраган ходимнинг айтишича, абгор ҳолатда қолаётган йўлнинг узунлиги аслида 107 км.ни ташкил этади. Йўл 2016 йилдан бошлаб мана шу ҳолатга келиб қолган.

«Уни тўлиқ таъмирлаш учун 50 млрд сўмга яқин пул керак бўлади. Ҳар йили сметада кўрсатиб берамиз. Лекин пул ажратиб беришмайди. Ҳар йили 5–10 млрд сўмдан пул ажратиб бўлса ҳам, йўл тузатиб турилганида у бундай аҳволга тушмасди. Ҳатто ҳозирги бошлаган ишимизга ҳам пул ажратилмаган. Шунча техника ва ишчиларга пул қаердан берилиши номаълум», — дейди корхона ходими.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, йўлга 2002–2006 йилларда асфалт ётқизилган. Шундан буён бу йўл таъмирланмаган. Ўша пайтда ётқизилган асфалт ҳам сифатсиз бўлган. Яъни заводда янги пиширилган асфалт бўлмаган. Йўллардан қириб олиниб, қайта қориб ишланган механик асфалт ётқизилган.

«Шундан кейин нима бўлсин? Aйтиб-айтиб чарчадик. Барибир фойдаси йўқ. Ҳозирги ишларни ҳам қарзга бажаряпмиз. Тармоқда видеолар тарқалгач, бизни бу ерга юборишди. Қаергача, қачонгача ишлашимиз ҳам номаълум», — дейди Қўнғирот йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходими.

Суратга олиш ишларини якунлаб, ортга қайтаётганимизда бир кун олдин кўрганимиз техника ва ишчилар йўқолиб қолган эди.

Ўнқир-чўнқир бўлиб ётган йўлда енгил машина билан соатига 20 км тезликдан ортиқ ҳайдай олмадик. Йўл бўйи ҳайдовчимиз Фаррух Раҳмоновнинг фикрларини тингладик. Йўлимизда учраган, хориждан Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.

Хулоса қилиб айтганда, йўлнинг 964-1204 километри, яъни Қўнғиротдан токи Қозоғистон давлат чегарасигача бўлган ҳудуднинг 90 км.дан ортиқ қисми яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Лавҳани тайёрлаб қайтганимиздан сўнг бизга маълум бўлишича, «Қўнғирот – Каракалпакия посёлкаси» оралиғидаги 240 километрли йўл Осиё тараққиёт банки кўмагида қайта қуриладиган бўлган. Жорий йилнинг ўзида мазкур йўлга 34,6 млн АҚШ доллари инвестиция маблағлари ётқизилиши кўзда тутилган. Таъмирланадиган йўл икки полосали бўлади.

Kun.uz тилларга тушган ва чиндан ҳам ўта абгор ҳолатда бўлиб турган мазкур яроқсиз йўлнинг тезроқ соз ҳолга келтирилиши, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг мушкули осон бўлиши, хориждан Ўзбекистон ҳудудига кириб келган чет эллик ҳайдовчиларнинг ҳафсаласи пир бўлишига чек қўйилишидан умид қилади ва жараённи кузатиб боради.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид