Ўзбекистон | 17:00 / 18.03.2020
31451
2 дақиқада ўқилади

МТТ ходимлари карантин туфайли меҳнат таътилига чиқишади - Вазир

Мактабгача таълим ташкилотларида хизмат қилувчи ходимлар 18 март санасидан бошлаб режадан ташқари, ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқишади.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин маълум қилишича, вазирлик томонидан республика комиссияси топшириғи ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг расмий мурожаатига асосланган ҳолда республикадаги карантин бўйича керакли чоралар кўрилди.

«Мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари 18 март санасидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқишади. МТМда фақат мудир, фаррош, ҳамшира, қоровул, методист, хўжалик ишларига масъул шахс қолади», деди Агриппина Шин карантин туфайли мактабгача талим тизимида кўрилаётган чоралар хусусидаги брифингда.

Вазирнинг маълум қилишича, барча мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти карантин туфайли 16 март санасидан бошлаб тўхтатилган.

«МТТларда карантин 31 мартга қадар давом этиши белгиланган. Бу муддат республика комиссиясининг топшириғига асосан ўзгариши мумкин», дея қўишмча қилди Агриппина Шин.

Айни вақтда туман санитария-эпидемиология марказлари томонидан барча МТТларда тўлақонли дезинфекция ишлари амалга оширилган.

Брифингда маълум қилинишича, коронавирус тарқалишини профилактика қилиш мақсадида барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тиббий ҳамширалар томонидан кунлик патронаж назорати остига олинади. Патронаж натижалари ҳақидаги маълумотлар туман/шаҳар мактабгача таълим бўлимига етказилади.

Таътил кунларида ота-оналар билан доимий алоқада бўлиб, МТТ тарбияланувчиларининг жамоат жойларига боришларини чеклаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

«Тарбияланувчилар орасида коронавирус инфекциясига гумон қилинган ҳолат аниқланганда, бу ҳақида тезкор маълумот ҳудудий бўлинмаларда ташкил этилган штаблар орқали Мактабгача таълим вазирлигининг штабига юборилади», дейилади брифинг баёнотида.

Мавзуга оид