Ўзбекистон | 14:09 / 27.08.2021
8683
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камида 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда — Президент

2025 йилгача Ўзбекистонда камида 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар яратиб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Кармана туманида замонавий қуёш фотоэлектр станцияси (Ўзбекистондаги илк хусусий электр станцияси) ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда маълум қилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари бу Ўзбекистон тарихида илк бор хусусий инвестор томонидан қурилган электр станцияси эканига эътибор қаратди.

«Бу сўнгги икки йилда электр энергияси соҳасида бошлаган катта ислоҳотларимизнинг амалий натижаси, инвесторларнинг мамлакатимизга нисбатан ишончи тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.

Биз энергетика соҳасида туб ислоҳотларни бошладик. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ўзида жамлаган монопол давлат компанияси ўрнига бир-биридан мустақил 4 та компания ташкил этилди.

Энергетика соҳасида рақобатдош улгуржи бозорни шакллантириш, хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш ва шу орқали электр энергиясига ўсиб бораётган талабни  мақбул нархларда қондиришни асосий вазифа этиб белгиладик.

Шу тариқа, 2025 йилгача юртимизда камида 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятларни яратиб берамиз», деди давлат раҳбари.

Ушбу лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг Masdar компанияси томонидан амалга оширилган бўлиб, бу хорижий давлат компаниялари билан ҳамкорликдаги айни пайтдаги энг йирик лойиҳадир.

Давлат раҳбари Амирликлар билан ўзаро ҳамкорлик йилдан йилга кенгайиб, янги босқичга кўтарилиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Биргина энергетика соҳасида умумий қиймати  қарийб 1,5 миллиард доллар бўлган 1 минг 700 мегаВаттли 6 та лойиҳани амалга ошириш бошланган.

Жумладан, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда Masdar компанияси билан ҳамкорликда 500 мегаВаттли шамол станцияси ва Phanes group иштирокида 200 мегаВаттли қуёш станцияси барпо этилади.

Президент Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати вакилларига, Masdar компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил Ал-Рамаҳий ҳамда қурилишда иштирок этган 600дан ортиқ хорижий ва маҳаллий мутахассисларга чуқур миннатдорлик билдирди.

Мавзуга оид