Жамият | 09:00 / 09.09.2024
50389
2 дақиқада ўқилади

Бастакор Мусoхон Нурматов вафот этди

У 56 ёшда эди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Таниқли бастакор Мусoхон Нурматов 56 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг ўғли, қўшиқчи Юсуфхон Нурматов инстаграм саҳифасида маълум қилган.

У узоқ вақтдан буён касаллик билан курашиб келаётганди.

Мусoхон Нурматов 1968 йили Фарғона вилоятида туғилган. У 1990-йиллар охири, 2000-йиллар бошида ўзбек миллий эcтрада санъатидаги юзлаб қўшиқлар мусиқасининг муаллифидир.

Бастакор фаолияти давомида Озодбек Назарбеков, Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев, Абдурашид Йўлдошев, Баҳром Назаров, Мансурхон ва Юсуфхон Нурматов каби кўплаб санъаткорлар билан ҳамкорлик қилган.

Хусусан, унинг «Лайлим», «У гўзал бошқа», «Адашдим», «Яна соғиндим, яна», «Мени севиб қолсайдинг», «Хабаринг йўқ», «Қизми бу, кийикми бу», «Даврага тушган гўзал», «Оҳ, мани ватаним бу», «Келин бўлиб кетар бўлдинг Лайло», «Тўлин ой», «Найсоним Ватан» каби ўнлаб қўшиқлари машҳур.

У шунингдек кўплаб филмлар учун бастакорлик қилган, сўнгги йилларда эса ижодкорнинг ғояси ва продюсерлигида «Журналист» ва «Қодирхон» каби сериаллар суратга олинган.