Жамият | 20:27 / 08.04.2026
3236
2 дақиқада ўқилади

Навоийда хусусий боғча тарбиячиси болаларни калтаклади

Тарбиячи ишдан бўшатилди, боғчанинг фаолияти эса вақтинча тўхтатилди.

Навоий вилоятидаги хусусий боғчада тарбиячи болаларни калтаклади. Ушбу ҳолат акс этган видео Kun.uz таҳририяти ихтиёрига келиб тушди. 

Тасвирларда тарбиячи болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани, уларни ургани кўринади. Мурожаатчиларга кўра, ушбу ҳолат Навоий шаҳрида жойлашган “Amin Kids” номли боғчада юз берган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, вазият ўрганиб чиқилган ва боғча тарбияланувчиларига нисбатан қўпол муомала қилган ҳамда педагогик этика ва касбий меъёрларга зид ҳаракатларга йўл қўйган тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, боғча фаолияти вақтинча тўхтатилган. 

Болалар омбудсмани Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳолат назоратга олинганини, кўрилган чоралар ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрел куни Тошкент вилоятида болани ухламагани учун ҳақоратлаб, уни урган тарбиячи ишдан олингани хабар қилинганди.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид