Ўзбекистон | 16:48
1459
3 дақиқада ўқилади

Ҳаво сифати ёмонлашганда давлат хизматчилари уйдан ишлашга ўтказилиши мумкин

Ўзбекистонда ҳаво сифати кескин ёмонлашиб кетган пайтлар учун ҳаракатлар тартиби (алгоритми) ишлаб чиқилади. Бунда аҳолини тезкор огоҳлантириш, заиф гуруҳларни уйда қолишга чорлаш, оммавий тадбирларни чеклаш, таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги машғулотларни бекор қилиш, давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки масофавий шаклга ўтказиш каби чоралар белгиланади.

Навоий шаҳри / Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр

Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифатининг кескин ёмонлашиши ҳолатларида амал қилиниши лозим бўлган ҳаракатлар тартиби (алгоритми) ишлаб чиқилади. Бу – ҳаво сифатини яхшилашга оид президент фармонида кўзда тутилган.

Фармонга кўра, 1 ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб (алгоритм) ишлаб чиқилади:

  • ҳаво сифати хавфли даражага етганда аҳолини SMS-хабарлар, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали тезкор огоҳлантириш ҳамда хавф даражалари бўйича расмий маълумот бериш;
  • аҳолини ҳимоя қилиш чоралари сифатида очиқ ҳавода бўлишни чеклаш, айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор шахслар учун уйда қолиш бўйича тавсиялар бериш; таълим муассасаларида очиқ ҳаво машғулотларини вақтинча бекор қилиш; оммавий тадбирларни чеклаш ҳамда заруриятга кўра давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки масофавий шаклга ўтказиш чораларини белгилаш;
  • саноат, энергетика, қурилиш ва транспорт соҳаларида тезкор таъсир чораларини қўллаб, жумладан, ифлосланиш манбалари бўйича оператив назорат тадбирларини ўтказиш, энергетика корхоналарида мазут ёқишни чеклаш (экстремал ҳарорат ҳолатлари бундан мустасно), саноат корхоналарида ташланмаларни вақтинча камайтириш ёки тўхтатиш, қурилиш ишларини чеклаш, транспорт ҳаракатини қисқартириш ва фаввораларни ишлатиш, дарахтлар ва йўл четларини сув сепиш орқали чангни бостириш каби чоралар ва бошқаларни назарда тутиш.

Атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши билан боғлиқ ҳолатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, олдини олиш ва оқибатларини камайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2026 йил 30 декабргача киритилиши лозим.

Шунингдек, атмосфера ҳавоси ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларда ташламаларни чеклаш тизими жорий этилади. Бу йўналишдаги вазифалар қуйидагича:

  • ҳудудларнинг йўл қўйиладиган антропоген юклама меъёрини аниқлаш, жами рухсат этилган ташламалар ҳажмини белгилаш, умумий квотани босқичма-босқич қисқартириш, ташламалар кадастрини юритиш бўйича илмий асосланган услубиётларини ишлаб чиқиш (ижро муддати – 2026 йил 1 июл);
  • атмосфера ҳавоси ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларда ташламалар чеклаш тизимини жорий қилиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш (ижро муддати – 2026 йил 1 декабр).

Ҳаво ифлосланишининг одам организмига таъсирини ўрганиш ҳам кўзда тутилган. Бу йўналишда 2026 йил 1 ноябргача:

  • атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан аҳоли ўртасидаги касалланиш ҳолатлари (нафас олиш тизими, юрак-қон томир тизими, аллергик касалликлар) ўртасидаги боғлиқлик илмий жиҳатдан ўрганилади;
  • юқори хавфли гуруҳлар (болалар, қариялар, ҳомиладор аёллар) учун махсус тавсиялар ишлаб чиқилади;
  • ҳаво ифлосланишига нисбатан аҳоли саломатлигига таҳдид даражасини баҳолайдиган хавф индикаторлари яратилиб, соғлиқни сақлаш тизимига интеграция қилинади.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид