Ўзбекистон | 11:25 / 03.03.2023
11629
2 дақиқада ўқилади

Франция компанияси «Чимён» оромгоҳи объектларини қуриш бўйича танлов ғолиби бўлди

Фото: imagesait.ru

«Белдерсой – Чимён – Нанай» халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича лойиҳа офиси» томонидан эълон қилинган Франция ғазначилиги иштирокидаги «Чимён туристик зонасини қуриш» лойиҳаси доирасида «Чимён» умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш, жиҳозлар етказиб бериш, ўрнатиш ва созлаш-ишга тушириш ишларини олиб бориш юзасидан 1-, 6-сонли лотлар бўйича очиқ танлов якунланди.

Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси танлов ғолиби деб топилди. Компания Куршевел, Шамоних-Мон-Бланc, Роса Хутор, Босcо Гурин, Молесон, Нарвик ва бошқалар каби дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳани амалга оширишда иштирок этган.

Чимёндаги лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли (максимал қуввати - 2000 киши/соат) ва 3309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўли (максимал сиғими - 800 киши/соат) қурилади. Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади. Унда XXL Zip line, Alpine coaster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади, умумий узунлиги 20 кмдан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6000 нафар сайёҳга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.

Меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қуришни ташкил қилиш ер участкаларини турли лотларга бўлиш (тасдиқланган дизайн-коди билан) ва яқин келажакда қизиқиш билдирган инвесторларга сотиш учун E-IJRO AUKSION савдо майдончасида жойлаштириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган.

Мавзуга оид