Le Monde: Европа мамлакатлари яна Украинага қўшин юбориш эҳтимолини муҳокама қилмоқда
Франция ТИВ раҳбари эса Украинани қўллаш масаласида «қизил чизиқлар» йўқлигини айтган.
Ғарбнинг айрим мамлакатлари ўз қўшинлари ёки хусусий ҳарбий компанияларини Украинага юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда французларнинг Le Monde нашри ўз манбасига таяниб хабар берган.
Бу мавзудаги муҳокамалар АҚШда Вашингтоннинг Киевга ёрдамини тўхтатиши мумкин бўлган Доналд Трамп президентликка сайланиши фонида бошланди.
Le Monde жорий йил февралида, Франция президенти Эммануэл Макрон ғарб қўшинлари Украинага юборилиши эҳтимоли тўғрисида очиқ гапирганида, бу айрим давлатлар, биринчи навбатда Германиянинг «кучли қаршилиги»га учраганини эслатган. Сўнгги ҳафталарда бундай муҳокамалар тикланган — хусусан, Буюк Британия бош вазири Кира Стармернинг Францияга ташрифи вақтида бу мавзу муҳокама қилинган.
«Буюк Британия ва Франция ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик бўйича, жумладан, Европада Украин ва умуман Европа хавфсизлигига йўналтирилган иттифоқчиларнинг зарбдор кучини яратиш мақсадидаги музокаралар олиб борилмоқда», — деган нашрга британиялик ҳарбий манба.
Газета шунингдек, яқинда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро BBC News учун интервюсида Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида «қизил чизиқлар» йўқлигини айтганини эслатган. У ҳарбий ҳаракатларга Франция ҳарбийлари ҳам жалб этилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарганди: «Биз ҳеч қайси вариантни инкор қилмаяпмиз».
«Украинани қанча керак бўлса шунча интенсив ва узоқ қўллаб-қувватлаймиз. Нима учун? Чунки харитага бизнинг хавфсизлигимиз қўйилган. Россия армияси ҳар сафар бир квадрат километрга силжиганида, Европага хавф ҳам бир километр квадратга яқинлашади», — деган Барро.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Le Monde материалига муносабат билдираркан, Кремлдагилар бу қанчалик ҳақиқатга мос келишидан бехабар эканини билдирган.
«Илгари ҳам Европанинг турли пойтахтларида бундай фикрлар янграганди. Аммо бу ғояни ёқламайдиган турли қарши аксилраргументлар ҳам бор эди. Европаликларда бу борада якдил фикр бўлмаса ҳам, қандайдир қизиган бошлар кўриниш бермоқда», — дея унинг сўзларини келтиради «Маяк» радиоси.
2024 йил феврали охирида Франция президенти Эммануэл Макрон Европа мамлакатлари Украинага қўшин юбориши мумкинлигини айтганди. У Европа мамлакатларида «айни босқичда» қўшин юбориш борасида консенсус йўқлигини таъкидлаган. Ўз навбатида, ўша вақтда НАТО бош котиби лавозимида бўлган Йенс Столтенберг «Украинада НАТО жанговар бўлинмаларини жойлаштириш бўйича ҳеч қандай режа йўқлиги»ни айтганди. Май ойида Макрон яна бир бор ғарб қўшинларини Украинага юбориш мавзусига тўхталди. «Агар руслар фронт чизиғини ёриб ўтадиган бўлса, агар Украина илтимос қилса — бугунги кунда бундай сўров йўқ — биз қонуний асосда [қўшин юбориш ҳақидаги] бу саволни ўзимизга беришимиз керак бўлади. Шунинг учун мен ўйлайманки, бу априорини истисно қилиш — сўнгги икки йилликдан хулоса чиқармаслик бўлади», — деганди у.