Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америка меҳмонхоналар институти вакиллари илк марта Ўзбекистонда маҳорат дарслари ўтказади
Ўзбекистонда биринчи марта Америка меҳмонхоналар институти (AHL&E) вакилларининг маҳорат дарслари бўлиб ўтади. Kun.uz мухбири III Халқаро гидлар форумидан шу ҳақида хабар берди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро гидлар форумининг иккинчи куни - 22 февралда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ҳамда профессионал коллежларнинг ўқитувчи ва мураббийлари учун "Америка меҳмонхоналар институтида туризм ва меҳмондорчилик соҳаси мутахассисларини ўқитиш тизими: тажриба, амалиёт ва тенденциялар" мавзуидаги қатор маҳорат дарслари ўтказилади.
Маҳорат дарслари Америка меҳмонхоналар институтининг халқаро масалалар бўйича вице-президенти жаноб Эд Кастли бошчилигида олиб борилади.
Унда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети, Бухоро давлат университети ва бошқа ўқув муассасаларининг педагоглари иштироки кутилмоқда.
Америкалик мутахассислар иштирокидаги маҳорат дарсларининг мақсади - педагогларнинг профессионал малакасини ошириш ва меҳмонхона сервисига оид янги таълим усуллари билан таништириш.
Хорижий меҳмонлар иштирокидаги маҳорат дарслари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда "Туризм ўқув-консалтинг маркази" томонидан ташкил этилмоқда.