Ўзбекистон | 18:21 / 07.09.2019
11136
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлиш жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;

Ишларнинг айрим технологик турлари, ишлаб чиқаришлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчиларнинг тариф ставкаларини оширишнинг тармоқ коэффициентларини қўллаш тартиби ва уларнинг миқдори тўғрисидаги низом;

Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича:

тасдиқланган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича устамалар, қўшимча ҳақлар ва разрядлар ва Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритиш ҳақида" 2019 йил 18 январдаги 47-сон қарорининг 1-бандида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг тариф коэффициентлари 2019 йил 1 январдан бошлаб қўлланилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги ишларда ишловчи бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга доир туман коэффициентлари тўловларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентлари ва бундай жойлардаги ишлар учун қўшимча таътиллар ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатьи назар барча ташкилотлар томонидан қўлланиши мажбурийдир;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатьи назар нобюджет ташкилотлар коллектив шартномаларда ва коллектив битимларда ушбу қарорга иловада кўрсатилмаган табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган айрим жойларда ишловчи ходимлар иш ҳақига ўз маблағлари доирасида харажатлар, солиқ солинадиган базага киритилган ҳолда, қўшимча тўловлар ва бундай жойларда ишлаганлик учун қўшимча меҳнат таътили тўғрисидаги шартларни назарда тутишлари мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид