Ўзбекистон | 20:24 / 16.06.2024
10473
13 дақиқада ўқилади

Аэропортдаги депортлар ва ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари — Туркия элчиси билан суҳбат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июн ойи бошида Туркияга расмий ташрифини амалга оширганди. Анқарада қайси мавзулар муҳокама қилинди ва натижалар қандай бўлди?Президентлар мудофаа соҳасида, шунингдек, Kaan қирувчи самолётлар масаласини ҳам муҳокама қилганми? Kun.uz шу каби саволлар билан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон президентининг Туркиядаги ташрифи вақтида сиз ҳам Анқарада эдингиз, икки мамлакат раҳбарлари учрашувида энг асосий келишув ва ютуқлар ҳақида айтиб ўтсангиз?

Шу йил 6 июн куни Анқара шаҳрида икки давлат ўртасида олий даражали стратегик кенгашнинг (ОДСК) 3-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон президенти жаноб Шавкат Мирзиёев йирик делегация ҳамроҳлигида Анқарага борди. Алоқаларимизнинг барча жабҳалари икки томонлама музокараларда муҳокама қилиб ўтилди. Муносабатларимиз янги даражага кўтарилди. Улар тобора кучайиб, ривожланиб бормоқда. Буларни биз муҳокамалар натижасида эришилган битимларда кўрмоқдамиз. Амалга оширилган мулоқотлар натижаси ўлароқ 18 та битим тузилиб, битта қўшма баёнот имзоланди.

Шу тариқа, муносабатларимизнинг қатор томонларини қамрайдиган янги қадамлар бўйича муайян қарорлар қабул қилинди. ОДСК – президентлар раҳбарлиги остида ўтказиладиган энг юқори даражали маслаҳатлашув механизмидир. ОДСК йиғилишлари чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокамага қўйилади ҳамда тегишли йўл хариталари тузиб олинади.

Ҳозир бир нарсани бемалол айтиш мумкинки, бу ОДСК йиғилишидан сўнг кейинги 7 йил мобайнида тобора жадаллашиб келаётган Туркия-Ўзбекистон алоқалари яп-янги босқичга кўтарилди. Бунда, албатта, икки мамлакат етакчилари жаноб Эрдўған ва жаноб Мирзиёевнинг катта ҳиссаси бор.

Расмий музокаралар икки босқичда амалга оширилди. Уларнинг биттаси икки етакчининг тор доирадаги учрашуви бўлса, иккинчиси делегациялараро кенгайтирилган музокаралар эди. Шу учрашувлар натижасида йўл харитаси тузиб олинди.

Шунингдек, бу ташриф чоғида президентлар рафиқаларининг дастурига ҳам кенг ўрин берилди. Улар ҳам учрашиб, ўз соҳаларида муносабатларни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиб олди.

Жаноб президент Мирзиёев 6 июн куни, дастурнинг тонгги қисмида Туркиянинг мудофаа саноати корхоналаридан “TUSAŞ” (Тусаш)ни бориб жойида шахсан кўрди. Дастурнинг бу қисми мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш нуқтайи назаридан фойдали бўлди деб ҳисоблаймиз.

Ҳеч шубҳасиз, ташрифнинг энг муҳим томони, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ҳамкорлик ривожлантирилиши мақсадида 5 июн куни бизнес-форум ўтказилгани эди. 6 июн куни эса икки етакчи иштирокида ишбилармонлар кенгаши деган янги формат ташкил этилди. Битимлар, бизнес-форум ҳужжатлари, янги форматдаги ишбилармонлар кенгашига қарасангиз, ташрифда устуворлик иқтисодий соҳани илғорроққа олиб кетишга қаратилганини биласиз.

Шунингек, ОДСК тадбирлари чоғида президентимиз жаноб Эрдўған Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёевни Туркия Республикаси давлат нишони билан мукофотлади. Мукофот жуда жўшқин маросим билан ўз эгасига топширилди. Юқорида даражали бундай мукофот топширилиши муносабатларимиз келган даражанинг табиий натижаси эди фикримча.

Бу нимадан далолат беради? 2017 йилдан буён Ўзбекистон дарҳақиқат ўз давлатида, минтақасида ва халқаро миқёсда кучли илғор силжишни бажара олди. Бунда катта ролни президент Мирзиёев ўйнади. Президент «Янги Ўзбекистон», «Учинчи Ренессанс» ёндашувлари билан давлатни олдинга қарата бошлаб кетди. Ҳозир Ўзбекистон ўз минтақасида тинчлик манбайи, қўшнилари билан алоқаларни тинчлик пойдевори устига ўрната олган, муносабатларни ўзаро иқтисодий манфаат асосида ривожлантирган мамлакатдир. Биз бунга юқори баҳо берамиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бу саъй-ҳаракатлар жараёнида биз доимо биргамиз, ёнингиздамиз.

Айтиб ўтганимдек, кейинги 7 йилда икки томонлама алоқалар анча тараққий этди. Ҳам Ўзбекистон эришган чўққилар, ҳам икки томонлама муносабатларимиз эришган савияга юқори баҳо бериш учун президент Мирзиёевга ушбу давлат нишони (Туркия давлатининг энг юксак давлат нишони) топширилди.

Сиз юқорида айтган «Туркиянинг олий даражадаги нишони» қандай шахслар учун берилади?

Айтганимдек, бу мукофот Туркиянинг энг юқори даражали давлат нишони бўлиб, жума кам инсонлар унга лойиқ деб топилади. Лекин биз учун энг муҳими – бу мукофот жаноб Мирзиёевга президентимиз томонидан топширилиши. Мозийдан келган бирлигимизнинг бугунги кунининг кўрсаткичи, деб ҳисоблайман. Икки томонлама муносабатларда, айтиб ўтганимдек, ҳар иккала президентининг саъй-ҳаракатлари катта. Давлат нишони топшириб, юқори баҳолашимизни намоён этдик. Ғурурландик, албатта. Туркия Ўзбекистон муносабатларига назар ташласангиз, тарихда ҳеч ҳам бўлмаган савияга эришганини, тарихда ҳеч бўлмаганидек турфа хиллашганини, илдам ривожланаётганини бемалол айта оламиз. Бугунги кун даражаларига етиб келишимизда икки президентнинг саъй-ҳаракатлари кўп. Шунинг учун биз учун чуқур мазмунли мукофотлаш эди.

Президент ташрифи чоғида ТУСАШ мудофаа корхонасига борди ва кадрларда Kaan қирувчи самолётларини ҳам кўриш мумкин эди. Икки давлатнинг мудофаа ҳамкорлиги тўғрисида нима дейсиз?

— Айтиб ўтганимдек, икки томонлама муносабатларимиз ҳар соҳада ривожланмоқда, буни айтиб ўтдим. Мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлик ҳам бунинг бир парчаси. Президент Мирзиёев жаноблари 6 июн куни ТУСАШ корхонасига ташриф буюриб, янги Kaan самолётини жойида кўриб чиқди. Юқори баҳо берганини айтиб ўтди.

Биз эса мудофаа саноатидаги бу салоҳиятимизни қардош Ўзбекистон билан ўртоқлашишга доимо тайёрмиз. Буни доимо мулоқотларимизда ўзбек қардошларимизга етказамиз. Ўз зафарларимиз билан ўртоқлашиш, ишлаб чиқариш кучларини Ўзбекистонда ривожлантириш асосий мақсадимиз. Бу соҳадаги кейинги йиллардаги мулоқотларимиз тобора ортиб борди. Улар жуда самарали давом этмоқда. Ўзбекистондан Туркияга, Туркиядан Ўзбекистонга келган делегациялар кўп. Буларнинг натижаларини яқин келажакда барчамиз кўрамиз деб умид қиламан.

Kaan қирувчи самолётларини Ўзбекистон ҳам сотиб олиши мумкинми?

— Ҳозир сизга аниқ бир нарса айта олмайман. Лекин Ўзбекистонда учувчисиз парвоз аппаратлари ва бошқа мудофаа маҳсулотларига қизиқиш катта. Бу қизиқиш яқин келажакда ўз меваларини, албатта, келтиради.

— Меҳнат муҳожирлари ва Туркияга ташриф буюрган ўзбекистонликларни депорт қилиш ҳолатлари анча кўпайди, бунинг аниқ сабаблари мавжудми?

— Даставвал Туркия-Ўзбекистон алоқалари миқёси қай даражага эришганини тўғри тушуниб олиш керак. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган йили (2023) Туркиядан Ўзбекистонга 106 минг атрофида турк фуқароси келди, Ўзбекистондан эса Туркияга 470 мингдан ортиқ киши борган. Бир йилда. 2024 йилнинг биринчи ярмида деярли 250 минг ўзбекистонлик Туркияга борди. Ҳафтасига 90 га яқин рейслар амалга ошириляпти. Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларидан рейслар ташкиллаштирилган: Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус, яқинда Қаршидан ҳам рейслар қўйилди. Ҳафтасига 90 та рейс кичик рақам эмас. Ўта зич ўзаро қатнов бор. Бундан ташқари, 50 мингдан ошиқ ўзбекистонликнинг Туркияда расмий доимий яшаш рухсатномаси бор.

Энди, Туркия аэропортларида жорий қилинган хавфсизлик чоралари бўйича. Кейинги пайтларда содир этилган терактлардан сўнг, охиргисига Москвада гувоҳ бўлдик, Туркияда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Туркиянинг бу соҳада катта тажрибага эгалигини бемалол айта оламиз. Кейинги 40-50 йилдан буён Туркия террорга қарши аёвсиз кураш олиб боради, жаҳонда бу борада энг катта тажрибага эга мамлакатмиз. Анча яхши тажрибалар булар. Туркиядаги вазиятга қараб бунга ўзингиз ҳам баҳо беришингиз мумкин.

Шу сабабли, террор таҳдидини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз, огоҳ бўлишимиз керак. Бу таҳдиднинг дини ва миллати йўқлигини ҳам доимо таъкидлаб келганмиз. Террор бу – доимо террор. Буни бир бора бошидан ўтказган одам у билан курашда салбий томонларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлади. Туркия-Ўзбекистон алоқаларининг умумий ҳолатига қараганимизда, кейинги пайтда аэропортдан қайтариб юборилган фуқаролар сони кўпайганини сезяпмиз. Лекин айтишим керакки, бу йилнинг биринчи ярмида Туркияга борган 250 минг атрофида ўзбекистонлик нисбатида кам сонли фуқаролар депортация қилингани шоҳидимиз.

Биз бундан хавотирдамиз, албатта. Чунки икки қардош халқ сифатида биз бутун диққатимизни ижобий кун тартибига жамлаганмиз. Ҳурматли президент Мирзиёевнинг ташрифи бунинг яққол далили. Қандай қилиб муносабатларни янада яхшиласак бўлади, шу масала устида бош қотиряпмиз. Шу билан бирга, бир-биримизнинг ҳузуримизга салбий таъсир кўрсатадиган унсурларга ҳам тезда ечим топа олиш тарафдоримиз. Бу ҳолатни биз ҳозир жиддий деб баҳолаяпмиз, ўзбек идоралар билан ҳолат устида иш олиб боряпмиз, Туркияда идоралараро музокаралар олиб борилди, 6 июн ташрифидан аввал Туркиядан Ўзбекистонга йирик делегация келди, биз жорий қилган қоидаларимизни тушунтирдик, ўзаро маълумот алмашиниш аҳамиятини тушунтирдик, ишонаманки, келгусида биргаликда саъй-ҳаракатларимиз билан бунақа чегарадан қайтариб юборишлар масаласини бартараф қиламиз.

Бу ерда муҳими, умумий манзарани назардан четдан қолдирмаслик керак, медиада кўтариладиган баъзи масалалар муносабатларнинг фақатгина бир томони, лекин алоқаларга рахна солиб қўйиши ёки уларга салбий тус бериши мумкин. Биз бу масалаларга ҳечам кўз юммаймиз, кўрмасликка олмаймиз, жиддий қабул қиламиз. Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан буни муҳокама қиляпмиз. Лекин шунда ҳам муносабатларимиз фақат олдинган қараб ривожланмоқда. Уларнинг салоҳияти буюк. Давлат раҳбарларимиз ҳам доимо буни таъкидлашади.

— Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз Ўзбекистонга келганда меҳнат муҳожирлари масаласида янгилик бўлади деган эди, бу қандай янгилик ва у қачон амалга ошади?

— Ҳозир ҳар иккала мамлакатнинг тегишли идоралари айнан шу масалада ҳамкорлик қиляпти. Маълумотлар билан алмашинишга катта аҳамият беряпти. Музокаралар давом этяпти. Маслаҳатлашяпти. Муҳтарам вице-президентимиз шуларни кўзда тутган. УнингЎзбекистонга ташрифидан сўнг Туркиядан йирик делегация фақатгина шу масала бўйича Ўзбекистонга амалий ташриф амалга оширди. Алоқадор идоралар билан бу масала муҳокама қилинди.

Хабарим бор, бундан олдин бу музокаралар Туркияда бошланганди. Бундан буён ҳам шу масалада ҳамкорлик давом этади. Бу ерда мақсад биз жорий қилган тизимнинг Ўзбекистон томонидан яхши тушунилиши ва маҳаллий шароитларда ўз тизимлари жорий этилиши. Бу жуда муҳим. Чунки террор бугун Туркияда, эртага РФда, индинга бошқа давлатда хуруж қилиши мумкин. Буни аввалдан башорат қилиб кўра олиш, олдиндан чора кўра олиш муҳим ва биз шунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Буни бажараётиб қардошимиз Ўзбекистон билан маълумот-ҳужжатлар билан ўртоқлашишни унутмаймиз.

— Туркия бугунги кунда глобал кучга интилиш жараёнида катта куч марказлари билан муносабатларини қандай мувозанатлаштиряпти?

— Туркия ўз минтақасида ўйнаётган ҳозирги роли унинг тарихи ва геостратегик позициясидан келиб чиқмоқда. Жаҳон ва халқаро ҳамжамиятнинг кун тартибидаги бугунги масалалар, муаммоларнинг деярли барчаси Туркиянинг атрофида рўй бермоқда. Бу эса бизнинг миллий манфаатларимизни қизиқтиради. Бу борада Туркия ҳозир фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Бу сиёсат миллий манфаатларга таянган. Жаноб Эрдўғаннинг «Дунё бешдан кўп» деган ибораси шу жиҳатдан алоҳида мазмун-моҳиятга эга. Биз қатор масалаларда Фаластин, Болқон, Яқин Шарқ, Эрон, РФ, Украина ва бошқа кўп масалаларда фаол сиёсат юритиб, баҳолиқудрат ўз ҳиссамизни конструктив тарзда дунё ҳамжамиятига тақдим этмоқдамиз. Ҳозир Туркиянинг нақадар фаоллигини кўришнинг энг осон йўли бу Туркия ТИВ вазирининг охирги ҳафтада ташриф буюрган жойлари, иштирок этган тадбирлари, олиб борган мулоқотларини кузатиш. Кун тартиби нақадар зичлигини кўриш мумкин. Бу бизга Туркиянинг ўз минтақасида ва халқаро миқёсда эгаллаган позицияси, ўрни ҳақида катта маълумот тақдим этади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Мавзуга оид