Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қора денгизда дрон зарбаси оқибатида Elbus танкери шикастланди
Сингапурдан Новороссийскка йўл олган Elbus танкери Туркия соҳиллари яқинида дрон ҳужумига учради ва кейин турк портига буксирлаб олиб кирилган. “Медиазона” ёзишича, бу кема Россиянинг “соя флоти” таркибига киради.
Фото: Alexander Strela/Zoonar/picture alliance
Қора денгиз орқали Россияга йўл олган Elbus нефт танкери 7 январ куни дрон ҳужумига учради. Шундан сўнг у Туркия соҳил хизмати ёрдамини сўради ва йўналишини ўзгартирди. Reuters агентлиги Британиянинг кемалар қатнови бўйича маълумотларга ихтисослашган Lloyd's List Intelligence компанияси хабари ҳамда денгиз хавфсизлиги соҳасидаги манбага таяниб билдиришича, пайшанба куни, 8 январда танкер Туркиянинг Инеболу портидан бир неча километр масофада, аввалги йўналишидан четга чиққан ҳолда тўхтаган.
Lloyd's List Intelligence маълумотига кўра, Палау байроғи остида сузувчи Elbus кемасига “учувчисиз денгиз аппарати ва дрон” ҳужум қилган, зарба танкернинг машиналар бўлимига қаратилган бўлган. Компания билдиришича, 25 нафар экипаж аъзосидан ҳеч ким жабрланмаган, денгиз ифлосланиши ҳам қайд этилмаган. Шунингдек, Lloyd's List Intelligence танкер Сингапурдан Новороссийскка йўл олганини хабар қилди. Reuters’нинг хавфсизлик соҳасидаги манбаси ҳам бу воқеани дрон ҳужуми билан боғлади.
Турк ОАВ маълумотларига кўра, Туркия соҳил хизмати танкерни Инеболу портигача кузатиб борган, у ерда кема тўхтаган. Haberler.com ёзишича, Туркия соҳилидан 30 денгиз миляси (55,6 км) узоқликда содир бўлган дрон ҳужуми оқибатидаги шикастланиш даражасини соҳил хизмати мутахассислари баҳоламоқда.
“Медиазона” нашри қайд этишича, Elbus танкери 2014 йилгача Россиянинг “Совкомфлот” кемачилик компаниясига тегишли бўлган, кейин эса рўйхатдан ўтган мамлакати бир неча бор ўзгарган. Нашр, жумладан айрим Telegram-каналларга таяниб, Elbus Россиянинг “соя флоти” таркибига киради, деб ёзади.
Сўнгги ойларда Қора денгизда шунга ўхшаш ҳодисалар бир неча бор қайд этилган. Масалан, декабр ўрталарида Украинанинг Sea Baby дронлари Россиянинг “соя флоти”га киритиладиган танкерлардан бири — Dashan’га зарба берган. Бошқа зарбалар эса декабр боши ва ноябр охирида амалга оширилган.
Мавзуга оид
20:24 / 05.01.2026
Туркияда гиёҳвандлик ва фоҳишалик иши доирасида машҳур сериаллар актёрлари ҳибсга олинди
15:29 / 03.01.2026
РФ АҚШдан Венесуэла соҳиллари яқинида танкерни таъқиб қилмасликни сўради
17:46 / 30.12.2025
Россия Туркиядаги «Аккую» АЭС қурилишини молиялаштириш учун 9 млрд доллар ажратади
09:45 / 30.12.2025