Жаҳон | 08:22 / 20.06.2018
6607
2 дақиқада ўқилади

АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини тарк этишини эълон қилди 

Фото: REUTERS/Toya Sarno Jordan

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео 19 июнда АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан чиқишини эълон қилишди. 

“АҚШ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан расман чиқади. Мен бу қадам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлардан воз кечиш ҳисобланмаслигини тушунтириб қўймоқчиман”, деб айтган Хейли.

Унинг айтишича, АҚШ ҳукуматининг кенгашни ислоҳ қилиш бўйича чақириқлари инобатга олинмаган ва кенгашдан чиқиш қарори Вашингтон “ҳеч қандай тараққиётни кўрмаётгандан” кейин қабул қилинган. “Биз бу қадамга инсон ҳуқуқларига амал қилишга содиқлигимиз бизга инсон ҳуқуқлари устидан мазах қилувчи бу иккиюзламачи ва тамагир ташкилотнинг бир қисми бўлиб қолишга ижозат бермагани учун бордик”, деб айтган Хейли.

АҚШ вакилининг айтишича, ушбу қарор енгилтаклик билан қабул қилинмаган. “17 ой аввал АҚШ маъмурияти ўзгарганда, бизга кенгашнинг катта камчиликлари маълум эди. Биз ўшандаёқ ундан чиқиб кетишимиз мумкин эди, бироқ буни қилмадик. Бунинг ўрнига биз муаммоларни виждонан ҳал қилишга ҳаракат қилдик”, деб таъкидлаб ўтган Хейли.

Хейлининг таъкидлашича, кенгаш “инсон ҳуқуқларини бузувчилар ҳимоячиси ва сиёсий нохолислик ўраси” ҳисобланади. У, шунингдек, кенгашни “Исроилга нисбатан чексиз адоватда” айблади.  

Хейли АҚШ кенгашдан ташқарида ҳам инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини ва агар тегишли ислоҳотлар ўтказилса, келгусида кенгашга яна қайтиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.  

Мавзуга оид